Бухородаги қаровсиз қолган бекатлар
Бухоро вилояти транспорт бошқармасидан олинган маълумотга кўра, йўналишлардаги автотранспорт воситалари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун Бухоро ва Когон шаҳарлари, Вобкент, Ғиждувон ва Қоракўл туманларида 5 та автостанция, Бухоро шаҳрида 2 та, Олот Ромитан, Пешку туманида 1 тадан охирги тўхташ бекатлари ва вилоят бўйича 574 та оралиқ бекатлар мавжуд.
Хўш уларнинг бугунги аҳволи қай даражада? Аҳолига хизмат кўрсатиш учун қанақа қулайликлар яратилган? Биз шу саволларга жавоб топиш учун айрим бекатлардаги аҳволни ўргандик.
Аксарият бекатлар савдо дўконига айланган. Бу ҳам етмагандек, атрофи турли хил ичимликлар тахлами ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдириб ташланганки, мазкур ҳолат транспорт воситаларининг тўхташи, йўловчиларнинг автобусга чиқиб, тушишига халақит бермоқда. Ваҳоланки, амалдаги меъёрларга кўра, бекат учун ажратилган майдоннинг камида 70 фоизи йўловчиларга мўлжалланган бўлиши керак.
Энг ёмони, дўконга айлантирилган бекатларнинг баъзилари эрталаб соат 9:00 да ҳам ёпиқ бўлади. Бекатдаги савдо дўкони ишлаётган бўлса бекат очиқ, бўлмаса йўқ. Йўловчилар бекатга киролмай ташқарида туради.
– Шаҳримизда замонавий бекатлар жуда ҳам кўп, – дейди йўловчилардан бири Нигора Ахмедова. – Афсуски, бу бекатлар тадбиркорларга берилган бўлиб, у ерда савдо дўконлари, фаст-фут, сомса ва турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилган. Йўловчиларга ажратиладиган жойларда стол-стуллар қўйилиб, емакхонага айлантирилган. Тадбиркор келиб бекатни очса йўловчи автобусни ўриндиқда ўтириб кутиши мумкин. Агар йўловчиларга ажратилган жой банд бўлса, йўловчи қишда ҳам ёзда ҳам бекатга кирмай ташқарида туради. Буни аксарият шаҳар бекатларида кузатиш мумкин.
Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, савдо ва умумий овқатланиш нуқталарига эга бекатлар, асосан, шаҳар марказида жойлашган. Шаҳар чеккаларининг айрим жойларида бекатнинг ўзи йўқ. Борининг ҳам аксарияти таъмирланмаган. Бундай манзиллар тадбиркорлар билан бирга, мутасаддиларнинг ҳам эътиборидан четда қолган.
Бухоро вилояти Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидан Мир Кулол зиёратгоҳи томон юрсангиз йўл-йўлакай эскириб қолган, собиқ иттифоқ даврида қурилган бекатга кўзингиз тушади. Бу бекат анчагина мустаҳкам, аммо сўнгги йилларда эътибор қаратилмаганлиги сабаб емирилиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
“Шу ҳам мавзу бўлибдими”, “Бундай бекатлар ҳамма жойда борку” деб ўйлашингиз мумкин. Аммо бугун барча соҳаларда туб ўзгаришлар ва улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган бир пайтда бекатлар эътиборсиз қоладими? Айниқса, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар гавжум бўлган масканлар атрофида жойлашган бекатлар.
Бухоро шаҳар Гулчорбоғ кўчасидан Когон туманидаги Орифон кўчасигача бирор бир бекат мавжуд эмас. Лекин бу ерда шаҳардан қатновчи 60-11-йўналишдаги автобусларни кўришингиз мумкин. Когон туманидаги Орифон кўчасидан Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳигача мавжуд бекатлар абгор аҳволга келиб қолган. Катта ойналари синган, бекат ичкарисида чиқиндилар сочилиб ётибди, ўриндиқлар йўқ.
– Ҳар куни эрта тонгдан шу кўча бўйлаб Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳигача пиёда юраман, – дейди ёши улуғ отахонлардан бири Карим бобо Ҳусенов. – Афсуски, бекатлардаги мана шундай хунук манзара одамнинг дилини хира қилади. Барчага маълумки, мана шу кўча бўйлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, мартабали меҳмонлар зиёратга боришади. Албатта, қаровсиз қолган бекатларга кўзи тушади. Айниқса, хорижий сайёҳлар кун бўйи бунга гувоҳ бўлишади. Бу хунук манзарани маҳаллий ҳокимликлар зудлик билан назоратга олиши шарт. Шу ўринда аҳолига бекатлардаги ойна ва ўриндиқларни синдирмасликни ҳам илтимос қилган бўлардим.
[gallery-7571]
Йўналишимизни Когон туманидан янги очилган йўл, яъни Бухоро туманига қаратамиз. Йўл-йўлакай янги йўлда янги бекатлар қурилган бўлиб, мазкур бекатларда ҳам юқоридаги хунук манзарани кузатиш мумкин. Йўл бўйида жойлашган бекатлар ҳеч кимга керак бўлмай қолди шекилли қаровсиз ҳолга келган. Бегона ўтлар ўсиб, том қисми ўпирилиб тушганлари ҳам бор. Автобус бекатидан йўловчилар умуман фойдаланмаяпти. Бу эса айрим олғирларга қўл келган кўринади: ўриндиқ учун қўйилган тахталар ўғирлаб кетилган. Бундай хунук манзараларни Бухоро ва Вобкент туманлари ҳамда Газли шаҳрига кетиш йўлида ҳам кузатиш мумкин.
Ғариб ҳолга келган бекатлар ҳадемай йўллардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлангач, йўловчилар билан гавжум бўлади. Унда бу бекатларга яна фалон миллион сўм маблағ ажратилиб, таъмирланадими?.
Вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бетакрор тарихий-маданий ва меъморий мерос объектлари билан сайёҳларни кенг таништириш учун янада қулай шароитлар яратилаётган бир пайтда мана шундай хунук бир манзаралар наинки маҳаллий балки хорижий сайёҳларни ҳам кайфиятини тушириши табиий.
Шу ўринда бир савол туғилади? Масъуллар бу масалага қандай қарайди?
Зариф Комилов ЎзА мухбири,
Тоҳиржон Истатов олган суратлар.