Бухоро вилоятида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, мажбурий ижро бюроси, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ва бошқа тегишли хизматлар ҳамкорлигида ҳудуддаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари бошланди. Бу жараён бевосита журналист, блогерлар, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари томонидан кузатиб борилмоқда.
–Бухоро шаҳри ҳудудида ер қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш борасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида жисмоний шахслар томонидан 98 та ҳолатда 1,28 гектар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланган, – дейди Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жалол Арашов. – Ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари икки баробарга ошган. Аниқланган қонун бузилишларнинг олтита ҳолатида ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари дастлабки ҳолатига қайтарилди. Қолган 92 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, шундан 61 та ҳолатда даъво аризалари қаноатлантирилди.
Ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари Бухоро шаҳрининг “Мухтор Ашрафий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ҳазрати Имом” қабристони ён томонидан, 280 квадрат метр ер майдонида ўзбошимчалик билан барпо қилиниб, ноқонуний фойдаланиб келинаётган аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари биноси махсус техника ва кучлар воситасида буздирилди.
[gallery-14151]
Худди шундай, “Чорбахосса” маҳалла фуқаролар йиғини, Талижа кўчаси, 15-уй ён томонидан 110 метр квадрат майдонни ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз қурган қурилиш моллари савдо дўконлари биноси, яна шу маҳалланинг Талижа кўчасидаги умумий 530 метр квадратга тенг майдондаги ўндан ортиқ савдо дўкони, ертўла ва айвонлар бузиб ташланди. Ер майдонини асл ҳолига келтириш юзасидан масъуллар ва жавобгар томонларга тавсия ва топшириқлар берилди.
Албатта, бу жараёнда вилоят марказидаги Ибн Сино кўчаси ёқасидан ўзига тегишли бўлган нотурар бино ёнидан 50 квадрат метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасини қуриб фойдаланиб келаётган “тадбиркор” “мулки” ҳам эътибордан четда қолмади. Мазкур ноқонуний қурилма ҳам буздирилди.
Тегишли ташкилот ва бошқармалардан олинган маълумотга биноан, тегишли ҳужжатсиз ва ўзбошимчалик билан қурилган бинони ихтиёрий равишда бартараф этиш ишлари ҳам бошланган. Барча шаҳар-туманларда ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш амалий ҳаракати давом этмоқда.
– Танлов ғолиби бўлмасдан, шаҳар ва туман ҳокимларининг қарори бўлмаса ер майдонига ўз бошимчалик билан эгаллаб олиш ёки шу ўз бошимчалик билан эгаллаб олган ер майдонида бино иншоот қуриб яшаш, савдо фаолиятини амалга оширишга қонун доирасида йўл қўйилмайди, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар бўлими бошлиғи Мўмин Қодиров. – 92 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, шундан 61 та ҳолатда даъво аризалари қаноатлантирилди. Ер фуқарога тегишли бўлса, фуқаро тегишли ташкилотлардан рухсатни олиб, аниқ лойиҳалаштирилган ҳолда қуришни бошлаши керак.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари, кўрилаётган таъсир чораларига қарамасдан мазкур қурилмалар уларни қурган шахслар томонидан бартараф этилмай келинаётгани боис ҳам ваколатли идоралар, тегишли ташкилотлар томонидан шундай мажбурий ва кескин чоралар кўрилмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари.