Республикамиз ҳудудида чигирткаларнинг 200 дан ортиқ турини учратиш мумкин. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан тўда ҳосил қилувчи ушбу ҳашаротларга қарши мавсумий кураш тадбирлари олиб борилади.
Бухоро вилоятининг Ромитан тумани Газли массивига чигирткалар тўдаси ёпирилиб келди. Аслида тарқалган зарарли чигирткалар ўсимликлар дунёсига қанчалик хавфли?
- Чигиртка республикамизнинг асосан Навоий, Бухоро ва Қорақалпоғистон Республикасининг саксовул майдонларида учрайдиган тури ҳисобланади, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Нодирбек Туфлиев. - Бу турдаги чигирткаларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, фақатгина саксовулга зарар келтиради. Бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари билан мутлақо озиқланмайди. Ушбу ўсимликда вояга етиб табиий нобуд бўлиши кузатилади. Бу турдаги чигирткалар 10 кун, узоғи билан 15 кунда табиий равишда йўқолади.
Мутахассисларнинг айтишича, ушбу турдаги чигирткалар ҳаво ҳарорати кўтарилгани сари ўртача ҳисобда 5-6 кунда 1 ёшга тўлади, яъни, энг хавфли ҳисобланган фазага – қанот чиқариш даврига етиб келади. Натижада ҳашаротлар кунига 50-60 километргача масофани босиб ўтиши мумкин.
Мамлакатимизнинг иқлими чигирткалар тарқалиши учун доимо қулай ҳисобланган. Шу боис кузги ва баҳорги кузатув тадбирлари давомида чигирткаларнинг келгуси йилдаги авлод бериш майдонлари ва ҳажми аниқланади. Шунга қараб кимёвий воситалар, техникалар ҳозирланиб, даcтлабки кураш тадбирлари май ойида бошланади. Жорий йилда нисбатан салқин об-ҳаво кузатилганлиги боис бу ишлар бироз кеч бошланди. Бугун алоҳида эътибор трансчегаравий ҳудудларга қаратилган. Сабаби қушни давлатлардан ҳам чигиртка кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш муҳим. Шу ўрнида биологик кураш чоралари ҳам оммавийлашаётгани эътиборга молик.
Бухоро вилоятида юз берган ҳолатга қайтадиган бўлсак – олинган тезкор маълумотларга қараганда чигирткалар бартараф этилган, саксовулзорлар ўсишда давом этаяпти.
Шу кунларда Қизилқум ва унга ёндош бўлган ҳудудларда энг хавфли бўлган катта ва кичик “саксовул букур чигирткаси”га қарши кураш чоралари қизғин давом этмоқда. Воҳа ҳудудининг катта қисмида июнь ойидан бошлаб чигирткаларга қарши кимёвий ишловлар олиб борилмоқда.
Бир неча кун аввал Қозоғистон Республикаси ҳудудидан Бухоро вилоятига мисли кўрилмаган даражада кўп тарқалган зарарли чигирткалар тўдаси туфайли Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам назорат ишлари кучайтирилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XEYIPcqzRKE" title="Buxorodagi chigirtkalar bosqini bartaraf etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Зарарли чигирткалар тарқалиши хавфи юқори бўлган Туркманистон Республикаси билан трансчегаравий ҳудудлар Бухоро ва Хоразм вилоятларида кураш ишлари узлуксиз тарзда мониторинг қилиб борилмоқда. Таҳлиллар жараёнида Бухоро вилоятининг Ромитан, Қоракўл, Олот, Жондор туманларида чигиртка тўдалари тарқалганлиги аниқланиб, ўша куннинг ўзидаёқ кимёвий ишлов берилди. Бугунги кунга қадар Бухоро вилоятида 12 321 гектар майдонда ушбу ҳашаротга қарши кураш тадбирлари ўтказилган. Шунингдек, Хоразм вилоятида ҳам хавф ўчоқларининг олдини олиш мақсадида 3 272 гектар майдонда кимёвий ишлов бериш чоралари кўрилди.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА