
“Географик объектларни номлаш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра, географик объектлар номини давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида давлат реестри юритилади.
Кадастр агентлиги қонунчиликда белгиланган тартибда географик объектлар номларини давлат реестрига киритади.
– Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссиясининг аъзоси ва ишчи органи сифатида Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси ҳам бу борада зарур чора-тадбирларни кўрмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармаси мутахассиси Миршод Ҳайдаров. – Хусусан, 2023 йил давомида бошқарма ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан вилоятда мавжуд 544 та маҳалладаги 60 минг 178 та кўча электрон хариталарда акс эттирилиб, белгиланган тартибда тоифалар (шохкўча, кўча, тор ва берк кўча)га ажратиб чиқилди. Белгиланган режа график асосида ушбу кўчалар “Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри”га киритилади. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан кўчаларга ном бериш ҳамда давлат экспертизасидан ўтказган ҳолда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Қонунга кўра, географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартиришни амалга оширувчи органлар географик объектларга ном берилгани ва уларнинг номлари ўзгартирилгани тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ўн кунлик муддатда Кадастр агентлигига тақдим этиши шарт.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири