Бухорода журналистлар шарафланди
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Бухорода байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоятда фаолият юритаётган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, матбуот тарқатиш билан шуғулланадиган корхоналар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида гапириб ўтди.
[gallery-7748]
Чиндан ҳам, вилоят ҳокими алоҳида қайд этиб ўтганидек, давлат ва ҳокимият идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жойларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида шаффоф муносабатни қарор топтириш ҳам оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам фуқароларнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборот излаш, олиш ҳамда уни тарқатишга оид ҳуқуқлари, оммавий ахборот воситалари эркин, қонунга мувофиқ фаолият юритиши, ахборот хавфсизлигига доир кафолатларнинг асосий тамойилларини белгиловчи меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилган. Тадбирда соҳада фаол меҳнат қилиб келаётган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг фахрий ёрлиғи, вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА