Бухорода “Янги нафас” умумхалқ югуриш ҳаракати доирасида “Талаба югур”, “Ўқувчи югур” ҳамда “Eco-Save Aral-2025” оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.
Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Енгил атлетика федерацияси, “UZINFOCOM” МЧЖ, Талабалар спорти ассоциацияси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Мақсад талаба-ёшларни соғлом ҳаётга тарғиб қилиш, талабалар, профессор-ўқитувчи ва ходимларни югуриш билан мунтазам равишда шуғулланишларга кўниктиришдан иборат, – дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Нажмиддинов. – Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган талаба-ёшларнинг сонини ошириш, таълим муассасалари талабаларини спорт тадбирларига кенг жалб қилиш назарда тутилган.
Тадбир Бухоро халқаро аэропорти ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи йўналишида ўтказилди. Дастлаб “Eco-Save Aral-2025” марафони иштирокчилари югуришни бошлаб берди. Мусобақада талабалар 3 километр масофа бўйлаб ғолиблик ва саломатлик учун югурди.
[gallery-25830]
“Спорт ойлиги” доирасида ташкил этилган мазкур тадбир жисмоний ва руҳий саломатликни яхшилаш, спортга бўлган қизиқишни ошириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.