
Бухоро шаҳрида халқаро зардўзлик ва заргарлик, каштачилик санъати фестивали ўтказилмоқда...
Шу муносабат билан зардўзлар, заргарлар, каштадўзлар, санъатшунослар, нуфузли меҳмонлар ва ОАВ ходимлари Бухорода бўлиб турибди. Дарҳақиқат, Бухорода ҳар йили «Ипак ва зираворлар» фестивали ўтказилиши одат тусига кирган, эди. Ўтган йили 28-30 май кунлари фестиваль ўн тўққизинчи маротаба ўтказилган. Маълумотларга кўра, бу йилги фестиваль айнан «Ипак ва зираворлар» фестивалининг давоми эмас, лекин мазмун жиҳатдан узвий боғлиқ деса, хато бўлмайди. Бироқ янада қамрови кенг, ҳунармандлар учун эса имкониятлар катта.
Халқаро зардўзлик ва заргарлик, каштачилик санъати фестивали энди ҳар йили Бухоро шаҳрида анъанавий тарзда ўтказилади. Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг айтишича, шаҳарда жами 800 нафар уста фаолият юритмоқда. Улар 500 нафар шогирдга ўзларининг сабоқларини бериб келмоқда.
Шунингдек, Бухоро вилояти қадимдан ҳунармандчиликнинг турли соҳалари тараққий этган ҳудуд дея манбаларда эътироф этилади. Бухоро шаҳрида аждодлар оша авлодларга ўтиб келаётган ва устоз-шогирд анъаналарини самарали давом эттираётган ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун ҳам Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳри 2022 йил «Жаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақомига муносиб топилган бўлса ажаб эмас. Маълумот ўрнида айтсак, Қўқон шаҳри 2019 йилда ана шу мақомга муносиб кўрилган эди.
Ташкилотчиларнинг берган маълумотига кўра, фестиваль учун умумий 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган бўлиб, унинг ярми маҳаллий ва ярми республика бюджетидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Фестивалга киритилган ҳунармандчилик маҳсулотлари орасида қарийб 10 килограмм тилла, 22 килограмм кумуш маҳсулоти мавжуд. Улар сотиш учун мўлжалланган. Фестивалнинг расмий очилиш маросими бошланмаган бўлсада ҳунармандлар учун савдо ва кўргазмаларини ўтказишга имконият бор. Бу имкониятдан меҳмонлар ҳам алоҳида фойдаланиб, сотиш ва сотиб олиш ишларида фаол иштирок этмоқда.
Фестиваль ўтказилиши учун ажратилган майдонда автомобиль ҳаракатланиш тизими чекланган. Бу эса ҳудуд бўйлаб тўпланадиган қарийб юз минг кишининг хавфсизлигини таъминлаш учун қилингани айтилмоқда.
Тадбир 21 май куннинг иккинчи қисмида ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо кучли шамол туриб, чанг кўтарилиши ва айнан тадбирнинг очилиш қисми вақтида ёмғир ёғиш эҳтимоли бўлганлиги учун очилиш маросими ўтказилмади.
Тўғри, инсоният табиат олдида ожиз. Бироқ тадбирнинг расман очилиш маросими бироз ортга сурилган бўлсада тадбир доирасидаги байрам, конференция, кўргазма, Бухоро бўйлаб саёҳатлар кечиктирилгани йўқ. Ишлар қизғин, фестиваль доирасидаги ишлар белгиланган тартибда, қизғин паллада давом этмоқда.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумотларга қараб тадбирнинг очиқ осмон остида ўтказилиши режалаштирилган очилиш маросими бўлиб ўтади.
Д.Маматова, ЎзА