Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Бугун ҳар бир соҳада улкан ўзгаришлар, янгиланишлар бўлмоқда. Хусусан, халқ таълими тизимида ҳам кейинги йилларда салмоғи ўн йилликларга тенг туб бурилишлар амалга оширилди.
Айниқса, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришилгани, Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида изчил ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани кеча ва бугун орасидаги тафовутни янада ёрқинроқ акс эттирмоқда. Буни Бухоро вилояти халқ таълими тизими фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Муаллим нуфузи, салоҳияти юксалди
Аввало тўрт йил илгариги мактаб муаллими билан бугунги кун ўқитувчисининг мавқеини бир солиштириб кўрайлик.
Ўқув йили ибтидоси муаллимнинг ёзилмаган йиллик иш режасида пахта мавсумининг бошланишини белгилаб берарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга “ёлланма теримчи” сифатида далада ўтказарди. Бироқ шу билан унинг “ёлланмалигига” якун ясалмасди. Қишда бир муддат ўз касби билан шуғулланишга имкон берилсада, шунда ҳам бир дунё қоғозлардан ортиб, ўқувчилари учун вақт ажратолмай қоларди. Баҳор бошланиши билан яна дала юмушларига жалб қилинарди. Бундан ташқари, ободонлаштириш, қурилиш ишларида ҳам “дастёрлик” ўқитувчиларнинг зиммасида эди. Бу хизматлари учун эса арзимаган маош тўланарди. Муаллимнинг обрўйи, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли, аксарият ўқитувчилар ишини ташлаб бошқа соҳага ўтиб кетди. Тизимда эркак ўқитувчилар деярли қолмади. Таълим сифати ва самарадорлиги, ўқитувчиларнинг сифат таркиби ҳам шунга мутаносиб эди.
Бу рақамларда акс этса
2016 йилда вилоятдаги 536 та умумтаълим мактабида 22 минг 871 нафар педагог кадр асосий штатда ва 687 нафари ўриндош сифатида фаолият олиб борган. Педагогларнинг 19 минг 223 (84,4%) нафари олий, 3 минг 648 (15,6%) нафари ўрта махсус маълумотли бўлиб, 633 (2,7%) нафари олий, 4 минг 48 (17,6%) нафари 1-, 9 минг 47 (39,5%) нафари 2-тоифали, 9 минг 143 (39,9%) нафари эса мутахассис малака тоифаларига эга бўлган. Тизимда эркак ўқитувчилар сони атиги 5 минг 486 нафарни ташкил этган.
Сўнгги йиллардаги изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ таълим-тарбия энг устувор масалага, ўқитувчи эса жамиятнинг нуфузли ва обрўли вакилига айланди. Эндиликда у фақат ўқувчининг таълим-тарбияси учун масъул, хизмат доирасига кирмайдиган бошқа барча юмушлардан озод. Келажаги буюк Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий таянч ҳисобланади. Бунинг учун ўқитувчиларга улкан имкониятлар яратилди, қатор имтиёзлар берилди.
– Қаердаки, инсон шаъни, меҳнати қадр топса, ўша жойда юксалиш бўлади, – дейди вилоят ҳокимининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева. – Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги муҳим ҳужжат бўлди. Фармонда жамиятда муаллимларнинг обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва эришган ютуқларини рағбатлантириш масалалари қонуний белгилаб берилди. Ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақлари оширилди, натижаларига қараб устамалар белгиланди. 2021 йил давомида шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари мудирлари ва методистлари, илғор мактаб директорлари ва ўқитувчилардан иборат 341 нафар бухоролик педагогга ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ситораи Мохи Хоса” сиҳатгоҳида дам олиш учун бепул йўлланмалар берилди.
[gallery-2031]
– 35 йиллик фаолиятимда илк бор санаторияда дам олдим, – дейди Бухоро шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби директори Зиёда Ҳожиева. – Бунга қадар саломатлигимни тиклаш учун ҳеч вақт тополмаганман ёки вақт бўлганида имкониятим етмаган. Очиғи, меҳнатимизнинг бундай қадр топиши, эъзозланиши биз, муаллимларни бениҳоя қувонтирди. Сиҳатгоҳда биз учун барча шароитлар яратилган. Дам олиш баробарида саломатлигимизни ҳам тиклаб олдик. Бу вужудимизга тетиклик бахш этиш билан бирга, бизни янада шижоат ва ғайрат билан ишлашга ундамоқда.
Бир сўз билан айтганда, муаллимнинг меҳнати, қадри юксалди. Шунга муносиб тарзда салоҳияти ҳам юксалиб бормоқда.
Айни пайтда вилоятдаги 536 та умумтаълим мактабида 329 минг 787 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқув жараёнини 28 минг 575 нафар педагог олиб бормоқда. Таълим сифати ва самарадорлиги ушбу жараённи олиб борувчи педагогнинг салоҳиятига боғлиқ. Шу боис ҳам таълим муассасаларини салоҳиятли педагог кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Педагогларнинг 26 минг 145 нафари, яъни 91,5 фоизи олийдир. Ўз ўрнида тоифа нуқтаи назаридан ҳам анча ўсиш кузатилган. Ўқитувчиларга берилаётган имкониятлар туфайли вилоят халқ таълими тизимида эркак ўқитувчиларнинг сони 2020 йилда 2016 йилга нисбатан 1 минг 612 нафарга ошиб, 7 минг 99 нафарга етган. Бу кўрсаткич умумий ўқитувчилар сонига нисбатан 24,8 фоизни ташкил этмоқда.
Умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини, педагог кадрларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида 2021 йилнинг биринчи чорагида 2 минг 58 нафар педагог малака ошириш курсларига жалб қилинди. Шунингдек, барча фанлар йўналишида 165 та таянч мактабида 300 га яқин тренер-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. 22 та ўқув-амалий семинар ўтказилди. Фан методистлари томонидан 54 та методик тавсия, 95 та намунали дарс ишланмаси ва тест топшириқлари намунаси, 400дан ортиқ дарс тақдимоти тайёрланиб таълим муассасаларига етказилди.
2020-2021 ўқув йили мобайнида 48 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоятда, 30 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси Республика миқёсида оммалаштирилди. Яна 14 нафар ўқитувчининг иши Республика таълим марказининг илмий кенгаши муҳокамасига тақдим этилди.
Фан ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириш борасида рус тили фанининг ўқитилиш самарадорлигини оширишда “Класс” лойиҳаси доирасида 7 нафар россиялик, инглиз тили бўйича “English Speaking Nation” лойиҳаси асосида 2 нафар америкалик экспертлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг март ойидан инглиз тили фани ўқитувчиларининг салоҳиятини оширишга йўналтирилган янги лойиҳа иш бошлади. Лойиҳа жараёнида вилоят ўқитувчиларининг тил билиш даражалари ўрганилиб, натижалар асосида улар билан тил билиш кўникмаларини ривожлантириш ва малака ошириш ишлари олиб борилади. Бунинг самараси ўлароқ, тил билиш даражасини белгиловчи сертификатларга эга бўлган ўқитувчилар қамрови 11 фоиздан 30 фоизга оширилади.
Имконият бор жойда истеъдодлар юзага чиқади
Ниҳол ҳам унумли тупроқ, парвариш бўлган жойда гуркираб ўсади, мева тугади. Ёшлар ҳам худди шу ниҳоллар каби, меҳр ва эътибор, ғамхўрлик бор жойда ҳар томонлама баркамол бўлиб улғаяди, ўз истеъдоди, қобилиятини тўла намоён этади. Халқ таълими тизимида Бухоро вилоятида ҳам бу борада самарали ишлар амалга оширилиб, натижалар янада яққолроқ кўзга ташланмоқда. Айниқса, охирги 2 йилда ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларнинг қизиқишлари бўйича чуқур билим олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар тармоғи кенгайтирилмоқда.
Жумладан, 2020 йил 7 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2020-2023 йиллар мобайнида ҳар бир шаҳар ва туманларда биттадан математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш режалаштирилган. Бухоро вилоятида ҳам 2020 йилда 4 та ҳудудда математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.
Шунингдек, кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та мактаб – Ромитан туманидаги 11-, Қоракўл туманидаги 43- ва Жондор туманидаги 2-ИДУМлар ўз фаолиятини бошлади. Пешкў тумани ҳудудидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби негизида табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Бухоро шаҳридаги 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолият бошлади.
2021-2022 ўқув йилидан бошлаб яна 6 та математика, 4 та кимё-биология, 5 та информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши режалаштирилган.
Бу хатти-ҳаракатлар замирида келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш ва мамлакатимиз тараққиётини юқори чўққиларга кўтариш мақсади мужассам.
Сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама етук, билими, маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган фан олимпиадаларининг республика ва халқаро босқичларида ўқувчилар фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 2020 йилда вилоят ўқувчилари халқаро мусобақаларда 4 бронза ва битта кумуш медалини қўлга киритди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса халқаро мусобақаларда 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлди. Шунингдек, республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида ҳам ўқувчилар юқори натижаларни қайд этди. “Қўқон олимпиадаси”нинг мамлакат босқичида Қоракўл халқаро математика мактабининг 9-синф ўқувчиси Анваржон Рахматов ғолибликни қўлга киритиб, бош соврин – “Нексия” автомашинаси билан тақдирланди. Ушбу мактабнинг яна 2 нафар ўқувчиси ўз гуруҳлари тоифасида 2- ва 3-ўринларни эгаллади. Ал-Хоразмий номидаги математика олимпиадасида ҳам ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Ўлмас Худойбердиев энг юқори натижага эришди. Уч нафар ўқувчи эса фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
– Айни пайтда олдимизда турган муҳим вазифалардан бири – мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига кўмаклашиш, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева. – 2020 йилда 25 минг 413 нафар мактаб битирувчисидан 6 минг 669 нафари турли ОТМлар талабасига айланди. Бу битирувчиларнинг 26 фоизини ташкил этмоқда. Натижаларимиз салмоғини янада юксалтириш мақсадида ОТМ-МАКТАБ ҳамкорлик лойиҳаси асосида битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича паст натижага эришган вилоятдаги 20 та умумтаълим мактаблари олий таълим муассасаларига бириктирилди. Шунингдек, Бухоро давлат университети томонидан 4 та умумтаълим мактабда фанларни чуқурлаштириб ўқитиш бўйича махсус гуруҳлар ташкил этилди. Мақсадимиз, ўқув йили якунида 30 фоиз ўқувчиларимизни олий таълимга киришига эришиш.
Бу йилги дастлабки натижалар ҳам бор, мисол учун Бухоро шаҳридан Акбарали Содиқов бир вақтнинг ўзида АҚШнинг 4 та нуфузли олий таълим муассасасига ўқишга кирди.Жорий йилда вилоят мактабларининг 11-синфида 24 минг 652 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 15 минг 699 нафари олий ўқув юртлари, 2 минг 767 нафари техникумлар, 1 минг 564 нафари коллежда ўқиш истагини билдирган. Мактаб остонасиданоқ, “Устоз-шогирд” анъанасига кўра, ўз-ўзини иш билан таъминлаган ўқувчилар сони 2 минг 319 нафарни ташкил этмоқда.
Рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни бериш мақсадига йўналтирилган “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси доирасида ҳам тизимда самарали ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Бухоро вилоятида “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси доирасида uzbekcoders.uz порталидан рўйхатдан ўтганлар сони 7 минг 97 нафарни ташкил этаётир. Уларнинг 2 минг 170 нафари иштирокчи сертификатига эга бўлган. 1 минг 269 нафари битирувчи сертификатини қўлга киритган. Лойиҳа доирасида ўтказилган танлов натижаларига кўра, вилоят ўқитувчиларининг 7 нафари ТОП-100 рўйхатидан ўрин олган. 8 нафар мактаб ўқувчиси лойиҳа совриндорлари сифатида 3 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача пул мукофотини қўлга киритган.
Яна бир муҳим масала – ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш. Айни пайтда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларида 19 минг 103 та фан тўгараги ташкил этилган. Уларга 274 минг 278 нафар ўқувчи жалб этилган. Бу рақам жами ўқувчилар сонининг 83 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, беш ташаббус йўналишида мактабларда 6 минг 708 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг 15 минг 386 нафари “Баркамол авлод” болалар марказларидаги тўгаракларга қатнашмоқда.
Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда инвестиция дастурлари асосида 18 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 6 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, Бухорода Президент мактаби фаолияти йўлга қўйилади, математика, ахборот технологиялари, кимё-биология ва физикага ихтисослашган 16 та мактаб ташкил этилади. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифидан сўнг яна 12 та обеъктда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилди.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир. Зеро, таълимга эътибор бу келажакка, тараққиётга эътибордир.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири