Ҳар бир халқ, миллатнинг мавжудлиги, унинг тарихий генезиси аввало миллий тили билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан тилга эътибор халқнинг турмуш тарзи, миллий ғурури ва тафаккури ривожининг ўзига хос инъикосидир. Негаки айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.
Аммо афсуски, миллий ўзлигимизни белгилаб берувчи ана шу она тилимизга нисбатан миллатдошларимизнинг муносабати, ҳурмати ўз даражасида эмасдек. Буни кўчаларимиздаги ташқи реклама ёзувлари, пешлавҳалар, нархномаларнинг ажнабий тилларда битилаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, мамлакатимиз мустақил бўлганига 30 йилдан ошди. Она тилимизнинг давлат тили мақомига эришганига эса 33 йил бўлди.
Шу боис бўлса керак, атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг "Миллий тилни йўқотмоқ, миллатнинг руҳини йўқотмоқдир!" деган даъвати яна бугунги кунимизнинг энг долзарб муаммоларидан бири сифатида бўй кўрсатмоқда. Ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари олдидан Бухорода вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлимлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Тилимиз тозалигига масъулмиз” шиори остида акция ўтказилмоқда.

Айни пайтда мазкур акция доирасида вилоятдаги давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмаган 520 дан ортиқ ёзувлар бартараф этилиб, 300 га яқин тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилди.
– Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида” ги қонуни 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб кўрсатилган, – дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов. – Айнан мазкур қонуний талаб доирасида аҳоли орасида ташқи тарғибот воситаларини ўзбек тилида номлаш, шунингдек, корхона ва ташкилотларда иш юритишни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳамда давлат тилида юритиш борасида тушунтиришлар олиб боряпмиз. Тўғри, баъзи ўринларда ушбу жараён осон кечмаяпти. Негаки тадбиркор ном, лавҳа ёки рекламани ёзиш учун баннер, чироқли ёзувларга озмунча маблағ сарфламаган. Аммо тадбиркорлар ҳам шуни унутмаслиги керакки, ҳар қандай қонун аввало ўз ижроси билан қадрлидир. Қонунга бўйсуниш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Қонунни билмаслик эса ҳеч кимни жавобгарликдан қутқармайди. Энг ачинарлиси, тилга оид қоидабузарлик нафақат кўча ёзувлари, балки барча учун ўрнак вазифасини ўтовчи марказий телевидениеларимиз эфирида ҳам кузатилаётганлигидир. Хусусан, “Хафа бўлиш йўқ”, “Омад шоу” каби кўрсатувлар очиқчасига пойтахт шевасида, ҳар хил жаргон сўзлар қоришмаси билан тақдим этилмоқда.

– Афсусланарли томони мавжуд камчиликларнинг қайд этилиши эмас (камчилик ҳар қачон, ҳар жойда бўлади), ўша нуқсоннинг табиий қабул қилинишидир, – дейди А.Рустамов. – “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 10-моддасида “Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади”, деб белгиланган. Бироқ шу қоидалар бажарилмасачи? Бирор чора борми? Афсуски йўқ. Кўчада кетаётган ҳайдовчи оддийгина тақиқланган чизиқни босгани, сариқ чизиқда ҳаракатлангани, хавфсизлик камари тақмаганида бу қоидабузарлиги қанчага тушишини яхши билади. Шу боис ушбу қоидаларга қатъий амал қилади. Балки шу нуқтаи назардан ҳам “Давлат тили тўғрисида” ги қонунни бузганга амалда ҳеч қандай чора йўқлиги, жавобгарлик белгиланмаганлиги туфайли жамиятда давлат тили қоидаларини тўлиқ татбиқ этолмаётгандирмиз.
А.Рустамовнинг айтишича, ҳозирча масъуллар томонидан фуқароларга мазкур йўналишда тегишли тушунтиришлар бериляпти. Тегишли хулосага келган фуқароларнинг аксарияти ўз ёзувларини давлат тили қонунчилиги талабларига мослаштирмоқда. Қонун талабларига бўйсунмаган шахсларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга даъволар киритилмоқда. Зеро гап миллатимиз кўзгуси бўлмиш она тилимиз ҳақида борар экан, бунда ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз даркор.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири