Бухорода шамол турбиналарини ўрнатиш давом этмоқда
Бухоро вилояти Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қиймати 650 миллион АҚШ долларига тенг бўлган шамол электр станцияларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишлари бошланган.
Лойиҳалар Президентимизнинг тегишли қарорларига мувофиқ Саудия Арабистони Қироллигининг “ACWA POWER” хорижий компанияси сармояси асосида амалга оширилмоқда.

Айни кунларда Жонгелдидаги йирик қувватли шамол электр станцияси учун Хитойдан турбиналар олиб келинмоқда. Мазкур турбиналарни ўрнатиш ишларининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ва туман ҳокимликларининг масъуллари, лойиҳа ташаббускорлари, компания ишчи-ходимлари иштирок этди.

Мазкур лойиҳа ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳанинг бетакрор экомуҳитни ҳам муҳофаза қилишдаги аҳамияти юқори.

Ўз навбатида ушбу лойиҳани амалга ошириш мамлакатимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш концепцияси билан тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Маълумот учун, Пешку ва Ғиждувон туманларидаги станцияларда умумий қуввати 1 гигаваттли 158 та шамол турбиналари ўрнатиш орқали йилига 3,6 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик шамол энергияси лойиҳасига айланадиган ушбу станциялар ишга туширилиши туфайли йилига 1,1 миллиард куб метр табиий газ тежалишига ва атмосферага 1 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинишига эришилади. Станциялар 2024 йил якунида ишга туширилиши кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА