Бухорода қиморхона аниқланди
Жондор туманининг Хумин маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахс ўз уйида қимор ишқибозларига шароит яратиб бергани ички ишлар органлари томонидан аниқланди.
Кечқурун соат 20:30 ларда фуқаро ўз уйи меҳмонхонасида бир гуруҳ қишлоқдошларини йиғиб, қиморхона ташкил этиш ва уни ўтказиш жиноятини содир этган.
Қишлоқдош йигитлар манзилда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиб, қимор ўйнаб турганларида туман ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари қимор ва таваккал ўйинларни ташкил этган, унга шароит яратган ва бу ўйинларда иштирок қилганларга қонунларимизда жазо чоралари муқаррарлиги ҳақида огоҳлантириб келишса-да, бу айрим юртдошларимизнинг кўзини очмаяпти.

Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири