Бухорода “Насриддин Афанди” фестивали
1 апрель – Кулги ва ҳазил куни
Бухорода 1 апрель – Кулги ва ҳазил куни муносабати билан “Насриддин Афанди” анъанавий фестивали ўтказилди.
Бухоронинг туризм имкониятини дунё миқёсида кенг намойиш этиш, шунингдек, тарихий қадриятларимиз тарғиботини янада оширишни мақсад қилган мазкур фестивалга нафақат маҳаллий, балки чет эллик меҳмонларнинг ташрифи ҳамда қизиқишлари ортиб бормоқда. Шунга мос равишда фестиваль дастури ранг-баранг лойиҳалар билан бойимоқда.
Жорий йилги фестиваль Насриддин Афанди бошчилигидаги иштирокчиларнинг Пойи Калон мажмуасидан Нодир Девонбеги мадрасасига бўлган масофага миллий карвон юриши билан бошланди. Эски шаҳар кўчалари бўйлаб янграган миллий қўшиқлар, миллий қаҳрамонларнинг қиёфаси акс этган катта-кичик қўғирчоқлар аҳоли, фестиваль меҳмонлари, айниқса, хорижий сайёҳларнинг ҳайратини оширди.
[gallery-16713]
Нодир Девонбеги мадрасаси олдида фестивалнинг рамзий очилиш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров фестивалнинг аҳамияти, уни ташкил этиш тарихи ҳақида гапирди. Йиғилганларни ҳазил-мутойиба куни билан қутлади.
Мусиқали чиқишлар эса барчага завқ бағишлади.
–- Мен Ўзбекистоннинг туризм имкониятини ўргангани келганман, – дейди фестиваль меҳмони, франциялик Александер Энжуэн. – Халқингиз хушфеъл, кулгисевар, бағрикенг экан. Буни Бухорога келган кунимдаёқ кўриб, ҳис этганман. Бугунги фестиваль ўзбек халқи урф-одатлари, анъаналари ҳақидаги тасаввурларимни янада бойитди. Шубҳасиз, бундай фестивалу сайллар Бухоронинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида “Гавкушон” мажмуасида “Шарқ таомлари” танлови ҳам бўлиб ўтди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/KXpiRoC1GPA" title="Buxoroda “Nasriddin Afandi” festivali" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Зариф Комилов, Юсупов Муслимжон,Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари