Бухоро вилояти Когон туманида метеорологик радиолокатор (МРЛ) ускунасини ўрнатиш ишлари ниҳоясига етди. Шу боис, Ўзгидромет раҳбарияти, прогнозчи мутахассислар ва ОАВ вакиллари ахборот технологиялари ҳамда метеорологик радиолокаторларга хизмат кўрсатиш бўйича метеолокаторлардан маълумот қабул қилиш, унга ишлов бериш ва маълумотлардан фойдаланиш масалаларини муҳокама этиш учун Бухоро шаҳрига ташриф буюрди.
Биламиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги ПҚ–4896-сон қарори билан тасдиқланган дастурларга мувофиқ 2021-2023 йиллар давомида Ўзгидрометга республикада атмосферани масофадан ва радиолокацион зондлашнинг замонавий воситаларини жорий қилган ҳолда Бухоро вилояти ҳудудига метеорологик локаторлар ўрнатиш орқали иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари фаолияти ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Мазкур қарор юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таминлаш мақсадида Финландиянинг “VAISALA OyJ” компанияси билан метеорологик радиолокатор ускунасини етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича келишув расмийлаштирилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Бухоро вилояти ҳудудига метеорологик радиолокатор ускунасини 15 метр баландликдаги металл-конструкция устунга ўрнатиш бўйича “VAISALA OyJ” компанияси мутахассиси 2022 йил 16 февралда Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.
Ҳозирда компания мутахассиси ва Ўзгидромет вакиллари билан ҳамкорликда ушбу ускунани металл-конструкция устунга ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари якунланди.
– Финландиянинг “VAISALA OyJ” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда ўрнатилган метеорологик локатор 200 км радиусда мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ҳодисалари тўғрисида, жумладан, булутлар оқими ва тури, шамол тезлиги ва йўналиши, ёғинлар миқдори момақалдироқ содир бўлган ҳудудларни визуализация қилиш орқали метеорологик карталарга туширади, – деди Гидрометеорология хизмати маркази ахборот хизмати раҳбари Муниса Асқарова. – Маълумотлар ҳар 10 дақиқада янгиланади ва мунтазам равишда марказимизнинг метеорологик локаторлар географик ахборот-таҳлилий геопорталига узатиб борилади.
Яна бир маълумот: Тошкент, Самарқанд ва Нукус шаҳарлари аэропортларида ўрнатилган АҚШнинг “Барон Сервиcе Инc.” ва Германиянинг “Селекс” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган “С” доплерли метеорологик радиолокатор тизимлари Ўзбекистон ҳудудида шамолнинг йўналиши, горизонтал тезлиги, радиолокатор радиусидаги ёғинлар миқдори ва жадаллиги каби метеорологик ҳодисалар, булутлар ҳаракатини кузатиш, дўл ва момақалдироқ жараёнлари ривожланишини прогнозлаш имконини беради.
– Тошкент, Самарқанд, Нукус ва Бухоро шаҳарларида ўрнатилган тўртта доплерли метеорологик локаторлар хизмат кўрсатишни такомиллаштиришда қўйилган яна бир қадам бўлди, – дея фикр билдирди Муниса Асқарова. – Бу локаторлар авиация учун тайёрланадиган об-ҳаво прогнозлари ишончлилигини янада ошишига, кучли ёмғир, дўл, қор каби ҳодисаларга олиб келувчи кучли булутлиликни аниқлаш ва уни прогнозлашга хизмат қилмоқда.
Келажакда шу каби метеолокаторларни ягона платформага бирлаштириш натижасида республика ҳудудини тўлиқ қамраб олувчи ер усти метеорологик радиолокаторлар ягона тармоғи ташкил этилиб, иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари фаолияти барқарорлиги ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга эришилади.
ЎзА