Бухорода машинадан пул ўғирланди
Бухоро шаҳрида автомашина салонидан пул ўғирлиги жинояти фош этилди.
Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 28 октябрь куни соат 13:00 ларда номаълум шахс Бухоро шаҳар Ибн Сино маҳалласи Б.Нақшбанд кўчасида жойлашган Республика Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг автотураргоҳида қаровсиз қолдирилган Бухоро тумани Маданият маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро Т.З. (аёл)га тегишли “Ласетти” русумли автомашина эшигини ўткир тиғли жисм билан очиб, автомашина салонидан 4 млн. 200 минг сўм пулларини ўғрилаб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Гулчорбоғ маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро Ҳ.М. содир қилганлиги фош этилган.
Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА