Бухорода Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши томонидан “Гуллар фестивали” бўлиб ўтди. Фестиваль Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш давлат дастури доирасидаги муҳим ижтимоий-экологик тадбирлардан бирига айланди.
Аввалги йилларга қараганда ушбу фестиваль анча кенг кўламда ўтказилиб, 1000 нафарга яқин гулчиликка қизиқувчи касаба уюшма фаоллари, фермер хўжаликлари ва мутахассислар, ҳаваскорлар, селекционерлар ва гулчилик соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар қатнашди. Бу йил илк бор гулчилик соҳасида мутахассислар ва селекционерлар учун алоҳида майдон ажратилиб, уларнинг тажрибалари оммалаштирилди.

Фестиваль карнай-сурнай садолари остида тантанали тарзда бошланди ва уни Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси М. Олимов очиқ деб эълон қилди. Фестиваль иштирокчилари учун вилоятнинг машҳур фольклор жамоалари концерт дастурлари намойиш этиб, анъанавий ош сайли ҳам ташкил этилди.

Фестиваль доирасида гул композициялари ва гулчилик технологияларига бағишланган танловлар ўтказилиб, иштирокчилар гул турларининг хилма-хиллиги ва ноёблиги, композиция сифати, визуал кўриниш, техник ижро, гулларни парваришлаш технологияси ва маълумот тақдимоти мезонлари асосида баҳоланди.

Ғолиблар “Энг яхши гулчи технолог”, “Энг яхши гулчилик мактаби гулчиси”, “Энг фаол бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти”, “Энг чиройли декорация”, “Гуллар фестивалини ОАВ орқали ёритишдаги ҳамкорлик учун” каби номинациялар бўйича тақдирланди.

Фестивалда дунё гулларига оид қизиқарли маълумотлар ҳам тақдим этилди. Маълум бўлишича, Ер юзида 450 мингдан ортиқ гул турлари мавжуд. Айрим гуллар 150 йилдан сўнг гуллайди, баъзилари ўз рангини вақт ўтиши билан ўзгартириб туради. Атиргулнинг 50 мингдан зиёд тури мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ёввойи наъматакдан келиб чиққан.
Фестиваль “Яшил макон” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, гулчилик маданиятини оммалаштириш, табиатга эҳтиром, меҳнат ва ижод уйғунлигини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.