Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Сенат ишчи гуруҳи Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашининг сайёр мажлисида иштирок этди.
Мажлисда вилоятда жиноятчилик ҳолати ва коррупсияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди, мавжуд муаммолар ва уларнинг асосий сабаблари батафсил муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2025 йилнинг биринчи чорагида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 19,5 фоизга камайган. Бироқ бундай жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига вилоятда 13 та бўлган бўлса, Бухоро шаҳрида бу кўрсаткич энг юқори бўлган – 32 та, Когон туманида – 22 та, Когон шаҳрида – 18 та, Қоровулбозорда – 20 та, Ғиждувонда –15 та. Олдини олиш мумкин бўлган 272 та жиноятнинг ҳар учтадан биттаси ўғрилик, ҳар олтинчиси фирибгарлик, ҳар саккизинчиси тан жароҳати етказиш жиноятларини ташкил этган.

Жиноятчиликнинг ошишига аҳоли ўртасида асосан шахсий агрессия, ижтимоий муаммолар ҳамда руҳий босимларнинг кучайиши каби омиллар сабаб бўлгани таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик профилактикасини тизимли ташкил этиш зарурати таъкидланди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, киберхавфсизликни кучайтириш, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмак бериш бўйича амалий чораларни татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Муҳокама давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг самараси пастлиги ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишлар етарли даражада эмаслиги ҳам айтиб ўтилди. Вилоятда Жамоат соғлиқни сақлаш ахборот тизими(ДМЕД)ни тўлиқ жорий этиш учун мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш зарурати қайд этилди.
Мажлис якунида коррупцияга қарши курашишда очиқ ва ошкора танлов асосида кадрларни танлаш, тиббиёт ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг ахборот тизимларидан самарали фойдаланишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Бухоро вилоятида жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни доимий назорат қилиш, самарали профилактика тизимини яратиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Сенатнинг ишчи гуруҳи ташриф доирасида вилоятнинг Бухоро тумани ҳамда Когон ва Бухоро шаҳарларидаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш ҳолати билан ҳам яқиндан танишади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.