"Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ Ахборот хизмати томонидан Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган пресс-тур бўлиб ўтди.
Бугунги кунда банк ташкил этган “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” томонидан тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратилмоқда. Тадбиркорларни ўз йўналишида ўқитиш, махсус сертификат асосида Бизнесни ривожлантириш банки билан ҳамкорликда гаровсиз кредитлар ажратиш, қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир. Албатта, бу ўз натижасини бермоқда.
Ўтган давр мобайнида марказ томонидан вилоятдаги 973 та тадбиркорлик субъектига сертификат берилган. 509 та ташаббускорга қиймати 46 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.
Вобкент тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилафруз Нарзиева тадбиркорлик фаолиятини болалар кийим- кечаги тикиш соҳасида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар асосида бошлаб, бир ярим йил давомида муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Ҳозирги кунда тадбиркор йиллик ўртача 50 миллион сўм даромадга эга.
У давлат раҳбарининг қарори асосида фаолиятини кенгайтириш мақсадида ариза билан дастурда иштирок этди. Беш кунлик ўқиш жараёнини муваффақиятли тугатиб, сертификат олди. Бизнесни ривожлантириш банкидан 100 миллион сўмлик 18 фоизлик кредитни 7 йилга олиб, турли хилдаги тикув машиналарини сотиб олди. Лойиҳа доирасида яна 4 нафар янги иш ўрни ташкил этди. Шунингдек, 40 миллион сўм айланма маблағга эга бўлди. Шу билан бирга, 2024 йилда 20 минг долларлик маҳсулотни четга экспорт қилишни режалаштирган. Натижада ишлаб чиқариш ҳажмининг 1,5 баробарга ўсишига эришилади ҳамда тадбиркорнинг йиллик ўртача даромади 50 миллион сўмдан 170 миллион сўмга етади.
– Оддийгина уй бекаси эдим, – дейди Дилафрўз Нарзиева.–- Тикувчиликни ўргангач, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга бел боғладим. Ҳозир “Нарзиева Дилафрўз” ЯТТ корхонасига асос солдим. Корхонада маҳалладошларимни ҳам иш билан таъминлаяпман. Корхонамиз туманда анча машҳур. Асосан эркаклар ва болалар ички кийимини тикамиз. Ҳозирги кунда 10 турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимизнинг Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия давлатларига экспортини бошлаяпмиз. Айни кунда 15 нафар хотин-қиз иш билан банд. Цехимизни кенгайтиришни ҳам режалаштиряпмиз. 1-босқичда 25 нафар, 2-босқичда 100 нафар иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун жой масаласида муаммоларимиз мавжуд. Агар масъуллар жой масаласини ҳал қилиб берса, иш ўринларини янада кўпайтирамиз.
– 2 йилдан буён мазкур цехда тикувчи бўлиб ишлаб келяпман, – дейди Шаҳноза Ҳайдарова. – Ишсиз эдим. Маҳалладан шундай янги корхона очилганини эшитиб келгандим. Ҳозир шу ерда ишлаяпман. Ойига 1 миллион 500 мингдан 2 миллионгача иш ҳақи оляпман. Оиламга кўмак бераётганимдан хурсандман.
Жамшид Шамсиддинов учинчи авлод сифатида сандиқсозлик ҳунарини давом эттириб келаётган ҳунармандлардан. У болалигидан ёғочга сайқал беришни мақсад қилган. Юзага келган бир қанча молиявий қийинчиликларни енгишда эса Бизнесни ривожлантириш банки томонидан ажратилган 100 миллион сўм кредит маблағи қўл келди.
Бухоро шаҳар, М.Ашрафий маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Жамшид Шамсиддинов тадбиркорлик фаолиятини Сандиқ ишлаб чиқариш соҳасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар асосида бошлаб, икки йил давомида муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Ҳозирги кунда тадбиркор йиллик ўртача 80 миллион сўм даромадга эга.
[gallery-16839]
У ҳам фаолиятини кенгайтириш мақсадида ариза билан дастурда иштирок этди. Беш кунлик ўқиш жараёнини муваффақиятли тугатиб сертификат олди. Натижада Халқ банкидан 100 миллион сўмлик 18 фоизлик кредитни 7 йилга олиб, 2 та Хитойда ишлаб чиқарилган сандиқ ишлаб чиқарадиган дастгоҳни сотиб олди. Лойиҳа доирасида яна 4 нафар янги иш ўрни ташкил этилди. 80 миллион сўм айланма маблағига эга бўлди.
Тадбиркорнинг йиллик ўртача даромади 80 миллион сўмдан 120 миллион сўмга кўтарилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tHxZQ99Cnrg" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бухорода Бизнесни ривожлантириш банкининг (БРБ) молиявий қўллаб-қувватлаши натижасида кўплаб тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу эса аҳолининг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари