Бухорода бир гуруҳ нотариуслар тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухорода мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан нотариат соҳасида фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда нотариат институтининг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун электрон навбатга ёзилиш имконияти яратилди. Тўловлар тўлиқ электрон кўринишга ўтказилиб, биллинг тизимига уланди ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тўлиқ рақамли кўринишга ўтказилди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан ҳам юртимиз нотариусларини қўллаб-қувватлаши борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилдан бошлаб, нотариат тизимида фидокорона меҳнат қилиб ватанпарварлик фазилатлари билан эл-юрт олдида ҳурмат қозонган нотариуслар, ўзининг юксак касбий маҳоратини кўрсатаётган фаол ва ташаббускор соҳа ходимлари, узоқ йиллар давомида тизимда ишлаб ёш кадрларни тайёрлаш ва уларга устозлик қилиш борасида намуна бўлиб келаётган ҳамда соҳани ривожланишда ва нотариус касбининг нуфузини янада оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган нотариусларни тақдирлаш мақсадида “Notariat sohasiga qo'shgan hissasi uchun” кўкрак нишони таъсис этилди.
[gallery-13376]
Байрам арафасида вилоятдаги ҳуқуқшунос нотариуслар ва палата ходимлари Ўзбекистон Нотариал палатасининг “Notariat sohasiga qo'shgan hissasi uchun” кўкрак нишони ҳамда фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Уларга ушбу юксак мукофот тантанали тарзда топширилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА