Бухорода “Бағрикенглик ҳафталиги” бошланди
Бухорода 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” ни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, миллий маданий марказлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар қатнашди.
Бухоро шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйида ўтказилган анжуманда вилоят ҳокими ўринбосарлари Эркин Мажидов ва Ботир Шаҳриёровлар йиғилганларга ҳафталик давомида амалга ошириладиган ишлар бўйича маълумот берди. Таъкидланишича, бутун дунёда БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён 16 ноябрь куни “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади.

Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь –Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. “Бағрикенглик ҳафталиги” ни ўтказишдан мақсад 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

Ҳафталик доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида “Ўзбекистон –бағрикенг диёр” шиори остида маданий-марифий тадбирлар, жумладан, “Дўстликни тараннум этган юрт” ҳужжатли фильмининг тақдимоти ўтказилади. Турли миллат вакиллари билан биргаликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Дўстлик боғи”ни ташкил этиш ва турли миллатлар вакиллари иштирокида “Дўстлик учун” дарахт кўчатларини ўтқазиш, “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз” мавзусида илмий-амалий ва маданий-маърифий тадбирлар, вилоятдаги миллий маданий марказлар фаоллари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилади. “Бағрикенглик – миллатлараро ва динлараро муносабатларда инсон ҳуқуқларига риоя этишнинг асосий тамойили” мавзусида илмий мақолалар танловини ташкил этиш ва ўтказилиши режалаштирилмоқда.
“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ташкил этиладиган тадбирлар аҳоли, айниқса, ёш авлодни, вилоятда фаолият олиб бораётган 10 та ноисломий ташкилот, 11 та миллий маданий марказ вакиллари ва 35 дан ортиқ турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур тадбирлар Бухоро вилояти ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш бўйича жамоат фонди, вилоят маданият, халқ таълими, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси, вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда манфаатдор корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилади.
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 15-21 ноябрь кунлари ўтказилади.

Матбуот анжумани доирасида соҳа масъуллари ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар, миллий маданий марказлар вакиллари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйи боғида манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА