Бухорода “Адлия сайли” ўтказилди
Бухорода аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган "Адлия сайли" шиори остидаги ҳуқуқий маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Сайл вилоят адлия бошқармаси томонидан “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак” шиори остида ташкил этилди. Унда вилоят даражасидаги барча давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари томонидан фуқароларнинг муаммоларини эшитиш ва уларни ҳал этиш бўйича тегишли ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатилди. Сайёр давлат хизматлари, нотариал ҳаракатлар ва ФҲДЁ ҳаракатларини амалга оширишга, оилавий низолар ва ажримларни, ишсизлик ва жиноятчиликни олдини олиш каби кўплаб масалаларга эътибор қаратилди.
Аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида оддий тилда тушунтиришлар бериш мақсадида ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан кўргазмали тарғибот материаллари билан жиҳозланган «Ҳуқуқий ахборот бурчаклари» ташкил этилди.
Тадбирда вилоят юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Адолат қанотлари” клуби аъзолари томонидан “Street law” лойиҳаси доирасида ёшлар, аёллар, меҳнат мигрантлари ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат соҳасидаги муносабатлар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ва микроқарзлар олиш тартиби, коммунал соҳадаги муносабатлар, алимент, уй-жой олиш ва ер ажратилиши тартиби, порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, талон-торож каби жиноятларнинг салбий оқибатларини намоён этишга қаратилган жами 1000 дан ортиқ флаер, буклетлар тарқатилди. Адлия вазирлигининг Telegram мессенжеридаги ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказувчи “Huquqiy axborot” канали, “Advice” ҳуқуқий портали ҳамда “Lex.uz” сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 200 дан ортиқ тарғибот материаллари етказилди.
Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуққа бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан оила, уй-жой, ер, солиқ, банк, тадбиркорликка оид, меҳнат, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя, таълим, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва бошқа ҳаётий муҳим масалалар бўйича тайёрланган ҳуқуқий қўлланмалар тарқатилди.
Тадбирда “Ҳуқуқингизни биласизми?” викторина ўйини ўтказилди. Тадбирга жалб қилинган барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, солиқ, банк ва бошқа идоралар ходимлари ўз фаолиятини тарғиб қилишга ҳамда аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган кўргазмали материаллари билан иштирок этди. Амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларда белгиланган имтиёзлар, шунингдек, мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Мутасадди ташкилотлар томонидан сайёр қабуллар ташкил этилди. Аҳолининг бир қатор масалалари жойида ҳал этилди.
[gallery-1826]
– Адлия ходимлари ва “Мадад” ННТ ҳудудий бюро ходимлари томонидан меҳнат, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорлик масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказилди, – дейди вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Бекзод Нишонов. – Тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шаҳар ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан 31 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. 15 та сайёр нотариал ҳаракатлар қайд этилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан 11 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан никоҳни қайд этиш, туғилганлик ҳолатини қайд этиш бўйича 22 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
– Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ қонунчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берилди, – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Баҳодир Файзиев. – Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатаётганидан келиб чиқиб, очиқ мулоқотлар жараёнида 10 га яқин тадбиркорлик субъектлари вакилларига фаолиятлари давомида дуч келаётган айрим муаммоли масалаларнинг ечими юзасидан мутахассислар томонидан атрофлича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Соҳага оид 200 дан ортиқ буклет ва флаерлар, шунингдек, 500 га яқин қўлланмалар тарқатилди.
– Сайлда суд-ҳуқуқ масалаларига доир маслаҳатлар берилди, – дейди вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош консультанти Нурбек Раҳимов. – Асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатлари ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, суд ишлари билан боғлиқ мурожаатлар атрофлича ўрганилди. Шунингдек, уй-жой таъминоти, соғлиқни сақлаш, жойларда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун банк имтиёзли кредит маблағи ва ер майдонини ажратиш, қолаверса, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, коммунал хизмат, меҳнат ва бандлик йўналишларига оид мурожаатлар ўрганилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармаси ва Ногиронлар жамияти вилоят бўлими томонидан “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси ва “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида имконияти чекланган шахслар томонидан яратилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Ярмаркада жами 28 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 50 дан зиёд фуқароларга соҳа мутахассислари томонидан меҳнат қонунчилиги бўйича тушунчалар берилди.
Бундан ташқари 30 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, миллий маданий марказлар, спорт федерациялари ҳамда бошқа соҳадаги ташкилотлари вакиллари томонидан ҳам ўзларини фаолиятини тарғиб қилувчи кўргазмали чиқишлар амалга оширилди.
Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида кураш, ўзбек жанг санъати, таэквондо, пенчак-силат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича мусобақа ва кўргазмали чиқишлар ташкил этилди.
Тадбирда вилоят юридик техникуми томонидан ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш мақсадида “Беш ташаббус – беш имконият!” шиори остида ҳуқуқий ахборот бурчаги ташкил этилди. Ёшларни спортга, санъатга, тил ўрганишга ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини уйғотиш ва техникум фаолиятига оид тарғибот ишлари олиб борилди.
Шунингдек, тадбир давомида юридик техникуми томонидан иқтидорли талабалар ўртасида ҳуқуқий савол-жавобларга асосланган “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Ғолиблар ва иштирокчилар Адлия бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда санъат усталари, эстрада хонандаларининг оҳанрабо куй-қўшиқлари янгради. Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатларини намоён этувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА