ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида янги ўқув йилини муносиб қарши олиш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Жорий йилда инвестиция дастури асосида вилоятдаги 20 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва 7 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, жараёнда 1 та янги таълим муассасаси қурилди, 15 таси реконструкция қилинди, 5 таси капитал таъмирланди. Шунингдек, қўшимча раёсат йиғлиши баёни асосида 4 та умумтаълим ва 1 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. “Ислом” тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида 33 та мактабгача таълим ташкилотида, 40 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 39 та умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилотлари қувватини ошириш, мавжуд муассасаларни мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун 82,14 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида эса 54 та умумтаълим мактаби ҳамда 5 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди.
Ушбу лойиҳалар асосида жами 271 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Натижада умумтаълим мактабларида 22 минг 600 ўқувчи, мактабгача таълим ташкилотларида 7 минг 900 тарбияланувчи, янгидан барпо этилган ихтисослаштирилган 2 та мактабда 840 ўқувчи ўрни яратилади.
[gallery-25075]
Янги 2025-2026 ўқув йили арафасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган 34 та таълим муассасаси, яъни 8 та мактабгача таълим ташкилоти ва 26 та умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилади. Бунинг натижасида янги ўқув йилида таълим муассасаларида 12 минг 320 нафар тарбияланувчи ва ўқувчи ўрни яратилади.
Яратилаётган бу каби замонавий шароитлар ёш авлоднинг келажакдаги муваффақиятига қўйилган мустаҳкам пойдевор, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган катта имкониятдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Таълим – тараққиёт ва юксалишнинг энг асосий омилидир.”
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА