Бухоро вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Н.Обломуродов, Давлат Экология Қўмитаси раисининг ўринбосари Ж.Казбеков, вилоят ҳокими Б. Зарипов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Президентимиз раислигида 2 ноябрь куни ўтказилган аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси муҳокама этилди.
Бухорода “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари асосида 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” доирасида 15 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши таъкидланди.
Вилоятда жорий йилнинг ноябрь ойида ҳамда келгуси йил баҳор мавсумида тут, павлония, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш вазифаси қўйилган.
Учрашувдан сўнг мутасаддилар вилоят ҳудудида акция доирасида бажарилаётган ишлар билан танишди. Дастлаб Бухоро шаҳридаги Муҳаммад Иқбол кўчаси бўйлаб ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилаётган дарахт кўчатлари ўтқазиш ишлари кўздан кечирилди. Мазкур ҳудудда суғориш тармоқлари барпо этилган бўлиб, дарахтларнинг бир меъёрда ўсиб, ривожланиши учун етарли шароит яратилган.
Йиғилишда ҳокимликлар томонидан суғориш тизимини янгилаш, ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича ҳам топшириқлар берилган эди. Мутасаддиларнинг Қоровулбозор туманидаги ўрганишлари чоғида айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
“Чўлқувар” массивида айни кунда оборотдан чиққан 5 минг гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. “Аму-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан 12 киломтер узунликда канал тортилмоқда. Келгуси йилда мазкур ҳудудда томчилатиб суғориш технологияси асосида саноатбоп узум етиштириш режалаштирилган. Пировардида бир вақтлар “одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди”, дея таърифланган чўл бағрида яшил майдонлар ҳосил қилинади. Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари юзасидан белгиланган ишлар қанчалик сифатли бажарилиши соҳа олимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга бевосита боғлиқ.
Шу куни мутасаддилар “Сардоба” тарихий ёдгорлиги олдидаги ҳудудни ободонлаштириш хусусан, дарахт ўтқазиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ўзлари ҳам бу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшди.
“Сардоба” тарихий ёдгорлиги жойлашган “Навбаҳор” маҳалласи ҳудудида бир кунда 4 турдаги жами 3 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА