Бухоро жозибасига ошно қалблар
Кўҳна ва боқий Бухоро ўзининг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор меъморий ёдгорликлари ва муқаддас зиёратгоҳлари билан жаҳон сайёҳларини ўзига мафтун этиб келмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарга хорижий меҳмонлар оқими сезиларли даражада ортди.
Жумладан, Туркиядан қарийб 100 нафар сайёҳ Бухорога ташриф буюрди. Улар вилоят туризм соҳаси масъуллари томонидан Бухоро темир йўл вокзалида самимий кутиб олинди. Меҳмонлар учун ташкил этилган саёҳат дастури давомида улар шаҳарнинг бой тарихи, маданий мероси ва муқаддас зиёратгоҳлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Сайёҳлар Бухоронинг энг машҳур тарихий обидалари ва зиёратгоҳларига жумладан, Сомонийлар мақбараси, Арк қалъаси, Пойи Калон ансамбли, Лаби Ҳовуз мажмуаси, Баҳовуддин Нақшбанд мажмуаси ҳамда Ҳазрати Саййид Мир Кулол зиёратгоҳида бўлиб, ушбу муқаддас ва тарихий масканларнинг ўзига хос меъморий услуби ҳамда маънавий аҳамияти билан танишди.

Бундай ташрифлар нафақат сайёҳлар оқимини ошириш, балки Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, зиёрат туризми йўналишида Бухоронинг салоҳияти юқори бўлиб, у мусулмон оламида алоҳида эътиборга эга.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Туркиядан 8714 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробарга ошган. Бу эса Бухоронинг халқаро туризм бозоридаги жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Келгусида ҳам туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун барча имкониятлар мавжуд.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.