Бухоро жиноятчиликдан холи ҳудудга айланади
Бухорода хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тарғиботига бағишланган “Аёл — қадриятлар давомчиси” шиори остида республика ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда “Вилоятни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш” дастури асосида амалга оширилган ишлар ҳамда боқимандаликни олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди. Унда Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси масъуллари, республикамизнинг барча вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари — Оила хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, шунингдек, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари мутасаддилари қатнашди.
Анжуманда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
[gallery-18553]
Бунинг натижасида ҳозирги кунда хотин-қизлар жамиятимизнинг фаол қатламига айлангани, илмий-тадқиқот, тиббиёт ва таълим муассасалари, саноат корхоналари, фермер хўжаликлари, кичик бизнес субъектлари, умуман барча соҳаларда раҳбар аёллар сафи тобора кенгайиб бораётгани эътироф этилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 31 май-1 июнь кунлари Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бажарилаётган ижобий ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган хайрли ташаббусни амалда татбиқ этиш борасида вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 87 минг 400 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш борасида тизимли ишлар ташкил этилди.
“Бандликка кўмаклашиш” жамғармасидан 165 нафар хотин-қизларга 1 миллиард 317,8 миллион сўм миқдорида, “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” жамғармасидан 812 нафар хотин-қизларга 4 миллиард 69,8 миллион сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилиб, улар асбоб-ускуналар билан таъминланди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 6 минг 529 нафар тадбиркор хотин-қизларга 186 миллиард 184 миллион сўм маблағ ажратилди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида 33 минг 966 нафар хотин-қизлар ўзини-ўзи банд қилди. 467 нафар хотин-қизлар “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо этилиб, “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича ҳунармандчиликка жалб қилинди.
Бухорода хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилган ишларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир Янги Ўзбекистон аёлларининг нималарга қодир эканини кўз-кўз қилиш баробарида тадбиркорлик соҳасида ўз имкониятини синамоқчи бўлган опа-сингилларимизга ўзига хос тажриба сабоғи, мотивация бўлгани таъкидланди.
Хусусан, “Ғиждувон ва Жондор тажрибалари”, “Вилоятни хотин-қизлар жиноятчилигидан холи ҳудудга айлантириш” дастури, “Бухоро вилоятида 2024-2025 йилларда тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастури”, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, онaлик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича дастурларни ўз ичига олган тақдимотлар хотин-қизлар ҳаётида янги саҳифа очиши қайд этилди.
Тақдимотда ички ишлар бошқармаси масъуллари томонидан вилоятни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, хусусан, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бажарилаётган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири.