Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бухоро вилояти мусиқали драма театрига келаётган томошабинлар куй-қўшиқлар билан қарши олинди. Бу йилги 95-мавсум Ўлмас Умарбеков асари асосида саҳналаштирилган “Қиёмат қарз” асари билан очилди. Шу муносабати билан Бухоро вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи Ш.Тилавов, Бухоро вилоят мусиқали драма театри директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Й.Генжаев сўз олиб, театрнинг бугунги кундаги ютуқлари, янги саҳналаштирилаётган асарлар ҳақида гапириб, театр мухлисларини янги мавсум билан қутлади.
Бош қаҳрамон Сулаймон ота образини Бахтиёр Нажмиддинов ижро этди. Томошабинлар спектаклдан сўнг асарни саҳналаштирган режиссёр Б.Акобиров ва барча артистларга ўз миннатдорликларини изҳор қилди.


***
Бухоро вилояти Шофиркон тумани марказидан 110 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағридаги ушбу ҳудудда 250 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Бугун улар ўз маиший эҳтиёжлари учун газ баллонлари “Шофирконтумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан етказиб берилмоқда.

– Таъкидлаш лозим, ҳудуддаги ижтимоий объектлар ҳам, жумладан, мактабгача таълим ташкилоти ўз эҳтиёжлари учун маиший газ баллонидан фойдаланади. “Шофирконтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан суюлтирилган газ истеъмолчиларига бугунга қадар умумий ҳисобда 2197 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказилди. Жумладан, Чуруқ овулига ҳам жорий йилнинг дастлабки ойидан то бугунга қадар хонадон эгаларига 7,68 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ тарқатилди, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобиржон Мамедов.
Газ баллонларини тарқатиш давомида бевосита аҳоли билан олиб борилган суҳбатлар чоғида тизим ходимларининг фаолияти ҳамда муаммолар ўрганилди. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш мақсадида газдан тўғри фойдаланиш борасида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

***
Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Қайрағоч” маҳалласида 6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 114 та “Камбағал оилалар реестри”га киритилган бўлса, 157 нафар фуқаро “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган. 116 нафарини эса ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Ушбу маҳаллада ижтимоий ходим Зулҳумор Саидова фаолият олиб бормоқда.

Маҳаллада эҳтиёжманд фуқаролардан бири Майсара Темирова оиласи ижтимоий ходими Зулҳумор Саидова томонидан ўрганилди ва ўз вақтида кўмак берилди. Майсара Темировага тиббий ёрдам кўрсатилди, унинг фуқаролик паспорти тиклаб берилди. Шунингдек, қизиқишидан келиб чиқиб, “Касбий кўникмалар маркази”да тикувчилик йўналишида таҳсил олди.
Бугунги кунда у тикувчилик цехида ишга жойлаштирилди, уйида ҳам буюртмалар қабул қилиб, ўз меҳнати билан даромад топмоқда. Бундан ташқари, яшаб турган уйининг ижара тўлови ҳам “Аёллар дафтари” маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.