Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бухорода кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун қулай муҳитни яратиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида, солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Ушбу учрашувларда асосан тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг барқарор фаолият юритишлари ва бизнесларини кенгайтириш юзасидан ўзаро фикрлар алмашиляпти. Бизнес вакиллари билан учрашувларнинг навбатдагиси Когон шаҳрида ўтказилди. Унда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нуруллаев иштирок этиб, тадбиркорларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганди.

Учрашувда ишбилармон тадбиркорлар таъкидланганидек, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган қулай солиқ муҳити ҳамда рақамлаштириш орқали юритилаётган шаффоф тизим уларга ҳар томонлама қанот бўляпти. Бу эса ўз-ўзидан тадбиркорларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, фаолиятларини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилади.
* * *
Бухоро вилояти Вобкент тумани Кўлхатиб маҳалласида жойлашган “Кўлхатиб ғишт” МЧЖ 2019 йилда ташкил этилган. Бу корхона ўзининг сифатли пишиқ ғишт маҳсулотлари билан бозорда ўз ўрнига эга. Завод бир суткада 10 мингта ғишт ишлаб чиқариб, буюртмачиларга ўз вақтида етказиб бермоқда.

– Корхонада 15 га яқин киши иш билан таъминланган. Уларнинг ҳар бири ўз ишига масъулият билан ёндашиб, заводнинг юксак натижаларга эришиши учун меҳнат қилмоқда. Улар нафақат заводнинг, балки ўз маҳаллаларининг ҳам тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Корхона сифатли маҳсулотлари ва янги ривожланиш режалари билан ёрқин келажакка қадам ташламоқда, – дейди корхона раҳбари Ш.Бозоров.
* * *
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамкорлигида Ғиждувон туманида тезкор тадбир ўтказилди. Натижада 1985 йили туғилган муқаддам судланган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Маълум бўлишича, чет элда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган турли номдаги дори воситалари борлиги маълум бўлди. “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида “сибутрамин” моддаси мавжудлиги аниқланган. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига кўра “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.
Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.