
-
Янги газ тўлдириш шохобчаси иш бошлади
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан суюлтирилган газ истеъмолчиларига сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш мақсадида тизимли ишлар давом этмоқда.
– Вилоятда 267 та маҳалла суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Азиз Расулов. – 167 мингдан ортиқ истеъмолчига газ таъминоти филиали томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Таъкидлаш лозим, истеъмолчиларига қулайлик яратиш мақсадида Шофиркон туманида тадбиркор билан ҳамкорликда янги газ тўлдириш шохобчаси ташкил этилди.

Шофиркон тумани вилоят марказидан қарийб 35-40 км узоқликда жойлашган бўлиб, ҳудуддаги 19635 та аҳоли ва 49 та ижтимоий соҳа объектларига газ баллонлари “Шофирконтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан тарқатилмоқда. Янги ташкил этилган газ тўлдириш шохобчаси эса энди имкониятлар кўламини янада кенгайтириши табиий.

Муаммолар бартараф этилди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъулларининг навбатдаги сайёр ўрганишлари жинси матосидан кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган “BCT Denim Division” кластерида бўлиб ўтди.

Ҳозирги кунда ушбу кластерда мингга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланган. Тайёрланган маҳсулотлар Россия, Туркия, Германия, Италия, Норвегия, Тунис, Миср каби ўнга яқин давлатларга экспорт қилинади. Масалан, ўтган 2024 йилда корхонанинг экспорт кўрсаткичлари 9 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Сайёр ўрганиш давомида икки томон вакиллари кластернинг иш жараёни ва тайёр маҳсулотлар шоурумлари кўздан кечирилиши баробарида, божхона юк операцияларини амалга оширишда юзага келадиган турли муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири