Бухорода халқаро ва мамлакат олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбоновлар иштирок этди.
Ғолиблар ва уларнинг устозларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда билимдон ёшлар жаҳон майдонларида муваффақият қозонмоқда. Юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келаётган бухоролик ўқувчилар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

Биргина жорий йилнинг 25-30 март кунлари Туркманистон давлатида ўтказилган халқаро математика мусобақасида иштирок этган 8 нафар бухоролик ўқувчиларнинг 7 нафари (1 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза) Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, 9-14 июнь кунлари илк бор Бухорода ўтказилган буюк олим, тиббиёт илмининг даҳоси Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида 18 та давлатдан 30 та жамоада 105 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Ушбу олимпиадада вилоятнинг 4 нафар ўқувчилари алоҳида жамоа сифатида иштирок этди. 2 нафари олтин ва 1 нафари бронза медалини қўлга киритди.

Умумий ҳисобда тугаётган ушбу ўқув йили давомида Республика фан олимпиадаларида 7 та совринли ўрин (4 та 1-ўрин, 3 та 3-ўрин) қайд этилган бўлса, халқаро фан олимпиадаларида 20 та (3 та олтин, 7 та кумуш, 10 та бронза) медаллар қўлга
киритилди. Бу ютуқларда албатта, юртимизда устоз-мураббийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз касбий салоҳиятини ошираётган педагогларнинг хизматлари беқиёс.
***
Бухоро вилояти Вобкент туманининг иккинчи маъмурий сектор ҳудудидаги Ҳажувон маҳалласида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Моҳира Жалол Ширина” корхонаси томонидан паррандачилик мажмуаси ишга туширилди.

Бу ишда маҳаллий тадбиркорлардан Жалол Аслонов ташаббус кўрсатди.
– Ҳозирда мазкур корхонамизда 12 минг бош бройлер товуқлари боқилмоқда, – дейди тадбиркор Жалол Аслонов. – Яқинда яна 10 минг бош паррандани боқишга мўлжалланган товуқхонани кенгайтириб, жиҳозладик. 2023 йилнинг май ойидан иш фаолиятимизни бошлаган бўлсак, ҳозирда корхонамизда 6 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилиб, 1,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача ойлик маош олмоқда. Парранда павильонларида улар кунлик озуқа рационидаги ем-хашак, зарур дармондори, минералларнинг табиий манбалари тайёрланган бўлиб, биологик ҳимоя қилишнинг ишончли тизими яратилган.

Товуқ боқишнинг ўзига яраша қийинчилиги ҳам бор. Ёз жазирамасида товуқхоналарда ҳароратни барқарор сақлаш, совуқ ва серёғин кунларда ҳам товуқхона ҳароратини 25 даражадан туширмасликка ҳаракат қилинади. Қолаверса, ҳар ҳафта ўн кунда эмлашларини ўтказиб, махсус минераллар билан бойитилган комби-корм, озуқасини ҳам саралаб олиш тақозо қилинади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири