Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова хитойлик инвесторлар билан учрашиб, уларнинг бизнес лойиҳалари билан танишди.
Учрашув ва музокара давомида хорижий сармоядорлар томонидан “Денгиз” кўлида Хитойнинг “Feng nian guo ji” корхонаси томонидан артемия систаларини парваришлаш бўйича ўзаро манфаатли келишувга эришилди.
Маълумот учун, жаҳон амалиётида артемия систасидан олинган препаратлар қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади. Мутахассисларнинг фикрича, артемия асосан хлорли, сулфатланган, карбонатли ва шўрланган муҳитда (1 литр сувда 300 граммгача туз) яхши кўпаяди. Дунёда бу жонзоднинг бир неча тури мавжуд. Орол денгизида учрайдиган “artemia partgenogenetica” — шўр қисқичбақалар турига тегишли.
Айни кунда икки томонлама келишувга биноан дастлабки ҳаракатлар, кўл ёнбағрини ва сув таркибини ўрганиш ишлари бошланган.




***
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида автомобил йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудуддаги “4-K” 201 русумли автомобиль йўлининг Қўлво ҳамда Човли қишлоқлари бўйлаб ўтган қарийб 1 километр қисми кўп йиллардан буён таъмирталаб ҳолатда эди. Aҳоли мурожаатлари инобатга олиниб, мазкур йўл қоракўллик тажрибали йўлсозлар томонидан махсус юқори унумдор транспорт воситалари ёрдамида асфальтлаштирилди.
Ўтган ойларда Хўжакон қишлоғининг 2 километр ички йўли асфальтлаштирилгани “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йил иккинчи мавсумида ғолиб бўлган хўжаконликлар ҳамжиҳатлигининг бир намунаси, албатта. Улар томонидан қишлоқ йўлини асфальтлаштириш бўйича киритилган ташаббус 6 мингдан зиёд овоз тўплаб, танловда ғолиб бўлган.




Шунингдек, туман йўлсозлари шу кунларда ҳудуддан ўтган “4К-198” русумли, “Қоракўл - Мирзақалъа - Жиғачи” автомобиль йўлининг 5-10 километрлари оралиғида таъмирлаш ишлари бормоқда. Бу йўл туманнинг Маллаишайх маҳалласидан Оқ олтин маҳалласигача бўлган қисмидан ўтади. Кўпсонли аҳолининг мурожаати ва йўлнинг таъмирталаб аҳволдалиги сабаб ишчи-мутахассислар томонидан катта таъмирлаш ишлари бошлангунга қадар йўлнинг ўнқир-чўнқирликлари асфальт қопламаси билан тўлдирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.