Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Фермер хўжалиги раҳбари қариндошларининг автомашиналарини гаровга қўйиб, банкдан катта миқдорда кредит олди. Дастлаб кредит тўловини ўз вақтида тўланди. Кейин ишлари юришмай қолиб, кредитларни тўлай олмади.
Лекин, шартномага кўра, кредит белгиланган тартибда тўланмаса, шартнома шартлари бузилган деб топилади. Натижада банк кредитни муддатидан олдин тўлиқ ундириш бўйича судга даъво аризаси киритиши мумкин. Худди шундай ҳам бўлди.
Кредитларни тўламаганлиги учун банк судга даъво аризаси киритди. Суд даъвони қаноатлантириб, ижросини таъминлаш учун Мажбурий ижро бюроси иш юритувига юборди. Бюро органлари иш юритувидаги банклар фойдасига ҳал қилинган суд ҳужжатлари ижросини назоратга олинди.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро судининг 2022 йил 15 декабрдаги ижро варақасига асосан қарздор “Тўйев Шерзод Шаҳзод” фермер хўжалигидан ТИФ “Миллий банк” Ромитан филиали фойдасига 300.571.704 сўм кредит қарздорлиги ва 21.00 почта харажати жами 300.592.704 сўм ундириш, ундирувни фуқаро Б.Саъдуллоевга тегишли Пешку тумани, Арбобҳожи қишлоғида жойлашган умумий 582,4 кв. метр майдондаги ер участкасига эга бўлган, умумий майдони 461,2 кв. метр, фойдали майдони 461,2 кв. метр, бино ости майдони 461,2 кв. метр бўлган 5 хонали “Дала шийпон ва молхона” биносига, Б.Тўхтаевга тегишли 2019 йилда ишлаб чиқарилган, “DAMAS” русумли ҳамда фуқаро М.Шариповага тегишли 2014 йилда ишлаб чиқарилган, “SPARK” русумли автотранспорт воситаларига қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Пешку тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорларга ижро ҳужжати мазмун моҳияти тўлиқ тушунтирилди. Бартараф этиш учун қонунчиликка мувофиқ ихтиёрий муддат берилган бўлсада, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида фуқаро М.Шариповага тегишли “SPARK” русумли, фуқаро Б.Тўхтаевга тегишли “DAMAS” русумли автомашиналар тегишли тартибда хатланиб, мавжуд қарздорликни бартараф қилиш учун 10 кунлик муддат берилган.
Қарздорлик бартараф қилинмагандан сўнг, мазкур автомашиналар реализация қилиш мақсадида “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали кимошди савдосига чиқарилган. Келгусида, автомашиналар сотувидан тушган маблағлар ҳисобидан қарздорликни бартараф этиш чоралари кўрилади. Маблағлар қарздорликни бартараф этиш учун етарли бўлмаганда, ундирув Б.Саъдуллоевга тегишли “Дала шийпон ва молхона” биносига қаратилиши мумкин.
Ҳозирда, ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
*****
Когон туманида устомон фирибгар қўлга тушди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди. Бухоро вилояти ҳуқуқ тартибот органлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Натижада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси Ғиждувон тумани бўлими “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” шўъбаси мудири лавозимида ишлаб келаётган Ғиждувон туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро М.М. исмли шахс, бошқа бир фуқаронинг ишончига киради.

Унга гўёки, Когон туманлараро иқтисодий судида ишловчи ваколатли танишлари орқали “Бухоро нефтгаз автонақл” АЖдаги 1 фоиз улушини ундириб бериш бўйича даъво аризасини қаноатлантириб беришни ваъда қилади. Эвазига тамагирлик йўли билан 2.000 АҚШ доллари беришни сўраб, Когон тумани “Тараққиёт” маҳалласидаги катта йўл ёқасида кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтида қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА