Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан берилган маълумотга кўра, 2021 йил 15 ноябрь куни соат 08:30 ларда номаълум шахс Бухоро шаҳрининг Ҳавзи-Нав кўчасидан ўтувчи автомобил йўлида ҳаракатланиб бораётган 76-сон йўналишли автобус салонида йўловчи сифатида кетаётган Ғиждувон тумани Дегрезон маҳалласида яшовчи, 1976 йилда туғилган аёлнинг чўнтагидан баҳоси 2 миллион 500 минг сўмлик “Redmi Ноте 8” русумли телефонини яширин равишда ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Натижада ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Кўкча кўчасида яшовчи 1989 йилда туғилган Х.А. исмли шахс содир этгани аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти томонидан газ тўлдириш шохобчаларида бир қатор модернизация ишлари олиб борилди. Асосий мақсад аҳолини маиший газ баллонлари билан узлуксиз таъминлаш. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан газ тўлдириш шохобчалари қувватини ошириш мақсадида 6 дона газ қуйиш колонкалари, 3 дона компрессор ва 3 дона газ ҳайдаш насослари ажратилди. Бугунги кунда ажратилган барча ускуналар ўрнатилди ва фойдаланишга топширилди.
Истеъмолчиларга масъул ходимлар томонидан 2022-2023 куз-қиш мавсумида сифатли суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида маиший газ баллонлардаги оғир қолдиқларни тўкиб олиш ва сақлаш учун қўшимча 4 дона оғир қолдиқ сақлаш сиғимлари келтирилди.
–Ушбу ускуналарнинг ишга туширилиши натижасида газ тўлдириш шохобчаларида ишлаб чиқариш заводларидан махсус автотранспорт воситалари орқали ташиб келтирилган суюлтирилган газни сиғимларга тўкиб олишда сарфланадиган вақт қисқартирилди, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Азиз Расулов. – Маиший газ баллонларига суюлтирилган газ тўлдириш жараёнларини тезлаштирилиши натижасида истеъмолчиларга белгиланган муддатларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Бухорода кредит маблағини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан “O'zsanoatqurilishbank” ATB Бухоро минтақавий филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди. Текширувда “B.M.” МЧЖ раҳбари Б.А. банк филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, МЧЖга хом ашё (хом ипак) ишлаб чиқариш учун ажратилган 3,9 миллиард сўм кредит маблағини бошқа МЧЖнинг кредит қарздорлигини сўндириш учун йўналтирилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА