Мамлакатимиз, жумладан, Бухоро вилоятида ҳам ижтимоий-иқтисодий жабҳаларни эркинлаштириш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда одамларнинг фаровон яшаши учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, бугун шаҳар ва туманлар янада обод ва кўркам масканларга, чинакам ислоҳотлар майдонига айланган.
Президентимизнинг вилоятларга ташрифлари жойларда кенг кўламда қулоч ёзиб, халқ розилиги йўлида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириши билан ҳам аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифидан сўнг Бухоро вилоятида 250 минг янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган эди. Бунинг учун вилоятдаги 98 та оғир маҳаллаларнинг ҳар бири бўйича аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ҳар бир хонадондаги ишсиз аҳоли, айниқса аёлларни ўқитиш ва уларни касаначиликка жалб этиш, кичик ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишида микролойиҳалар ташкил этиш, етакчи тадбиркорлар билан ҳамкорликда турли йўналишларда кооперациялар ташкил этиш, ижара асосида ажратилган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш каби масалалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Вилоятдаги ишсиз аҳоли, айниқса аёлларни ўқитиб, уй меҳнатини ривожлантириш ва бу орқали маҳаллаларда “ишсизликдан холи ҳудуд”ни яратиш мақсадида кластерларга оғир маҳаллалар бириктириб берилди. Жумладан, кластерлар томонидан умумий қиймати 744,8 миллиард сўмлик 151 та лойиҳаларни амалга ошириш орқали 72 017 та иш ўрни яратилди.
Аҳолига узоқ муддатга ижарага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ажратиладиган 14 минг гектар ер майдони ҳамда такрорий экин экишга ер майдонлари ажратиш ҳисобига 66 мингдан зиёд аҳоли вакиллари, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланган.
[gallery-17614]
Бугунги кунга қадар вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида жами 6556 нафар жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун 130,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилди. Мономарказ, касб-ҳунар марказлари, маҳалла ўқув масканлари томонидан жорий йилда 16 минг 261 нафар ишсизлар касбга ўқишга жалб этилди. Улар асосан, тикувчилик, қурилиш ишлари, сартарошлик, заргарлик, электромонтаж, автомобилларга хизмат кўрсатиш каби 42 та йўналишларда ўқитилмоқда. Бир сўз билан айтганда, вилоятда ишсизликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги тармоғини янада такомиллаштириш ҳам доимо эътиборда. Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига ташкил қилинган деҳқон хўжаликлари ерларидан, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича ҳар бир туман кесимида чора-тадбирлар белгиланди. Натижада 2023 йилда мева-сабзавотчилик йўналишидаги умумий қиймати 980,7 миллиард сўмлик 67 та лойиҳаларни манзилли рўйхати ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Вилоятда ипак қурти озуқа базасини янада ривожлантириш мақсадида 2023 йил баҳор мавсумида жами 6056,5 минг туп тут кўчатлари экилган. Жорий йилнинг куз мавсумида яна 4032,0 минг дона туп тут кўчатларини экиш режалаштирилган. Вилоятда 3-4-мавсумда жами 6970 қути ипак қурти парваришланиб, 279,8 тонна пилла хом-ашёси етиштирилди. “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳудудларда нафақат экин майдонлари, боғ-токзорлар, ўнлаб қишлоқлар аҳолиси истеъмолга яроқли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. Умуман, вилоятда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Кўҳна ва боқий Бухорода туризм йилдан йилга юксалмоқда. Саёҳат қилиш учун интернетдан излаб, айнан Бухорони танлаётган чет эллик сайёҳлар сони ортмоқда. Негаки, кўп минг йиллик бу тарихий эврилишлар даврини босиб ўтган шаҳарнинг такрорланмас меъморий обидаларида ўзгача сеҳр, маҳобат бор. Лаби ҳовуз, Арк қўрғони, Нодир девонбеги мадрасаси, Сомонийлар мақбараси, яна бошқа обидалар ўз калорити, дизайни, шарқона гўзаллиги билан ажралиб туради.
Ўзининг бетакрор обидалари билан дунёга танилган Бухорода кейинги йилларда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоятда янги 8 та меҳмонхона, 1 та хостел, 16 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилди. Шунингдек, 18 та янги туроператор ва турагент фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 455 мингдан зиёд чет эллик сайёҳ ташриф буюргани аҳамиятлидир. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 1 миллион 439 минг 500 нафар киши маҳаллий сайёҳ сифатида ташриф буюрган.
Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган барча туризм инфратузилма объектлари, маданий мерос объектлари, умумий овқатланиш шохобчалари, музейлар, галереялар, кинотеатр ва театрлар, савдо-кўнгилочар марказлар, бозорлар, маданият ташкилотлари, хиёбон ва боғлар, темир йўл вокзаллари, автошоҳбекатлар ва аэропортлар, шунингдек, табиий муҳофаза этиладиган ҳудудларда юқори даражали сифатли сервис хизматлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, навбатдаги муҳим вазифа сайёҳлар, маҳаллий меҳмонларнинг қадим шаҳарда бўлишлари муддатини чўзиш ҳисобланади. Бунинг учун уларга намунали хизмат кўрсатиш сифатини юқори даражага кўтариш зарур. Бу борада кейинги йилларда тармоқ фаолиятига бевосита дахлдор ташкилот ҳамда идоралар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.
Туризм тармоғини такомиллаштириш хусусида гап борганда, ўтган йили сентябрь ойида Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сайёҳлик тизимини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар қаторида мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион нафар сайёҳни жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилганини эътироф этиш жоиз. Унда таъкидланганидек, юртимизга зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай таом, овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифидан сўнг янгиланиб бораётган кўҳна ва боқий Бухорода бугун ҳам қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кенг кўламда давом этмоқда. Навбатдаги ташриф ҳам Бухоро ва бухороликлар ҳаётида янги саҳифа очиши, ҳудуд ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббусларга бойлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.