Сайёҳлик индустрияси йўналишида Бухоро вилоятида жуда катта имконият ва салоҳият мавжуд. Биргина “Бухорои шариф” номининг ўзи қолаверса, аждодларимиздан қолган мингдан ортиқ тарихий обидалар бутун дунё зиёратчилари, саёҳатчилари эътирофини қозонган, десак муболаға бўлмайди.
Вилоятда жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 43 та 1 минг 183 ўринли янги катта-кичик меҳмонхоналар ишга тушди. Меҳмонхоналар умумий сони 445 тага (4974 та хона, 11412 та ўрин) етди. Бунда, янги ташкил қилинган меҳмонхоналар – 9 та, оилавий меҳмон уйлари – 19 та, хостеллар – 15 тани ташкил этади. Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида ҳисобот даврида вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 1 миллион 824 минг нафардан ошди. Сайёҳлардан вилоят иқтисодиётига 2021 йилда 478,9 миллиард сўм тушум тушган бўлса, 2022 йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 763 миллиард сўмдан ошди.
Хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022 йилнинг июнь ойида илк бор Истанбул-Бухоро-Истанбул йўналишида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатнов йўлга қўйилди. Шунингдек, туризм йўналишида бир қатор маданий-кўнгилочар тадбир, форум, фестиваль ва ярмаркалар ташкил этилди. Жумладан, 2022 йилнинг феврал ойида “Ички ва зиёрат туризми” ярмаркаси ва унинг доирасида “Усмон мусҳафи” номли махсус сувенирлар коллекцияси намойиши ўтказилди. 19 май куни “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумининг Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган якуний босқичида 11 та давлатдан 100 га яқин иштирокчилар қатнашди.
Ўзбекистон ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини тарғиб қилиш борасидаги “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик” йўналиши бўйича “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. 21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида 58 та давлатдан ташриф буюрган 220 нафар хорижий меҳмон иштирокида “Халқаро зардўзлик ва заргарлик” фестивали ўтказилди. Фестиваль доирасида Бутунжаҳон Ҳунармандчилик Кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига “Бутун жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилди. 3-4 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг “IV Ёш лидерлар” форуми доирасида Бухоро шаҳри 2022 йилда “Туркий дунёнинг ёшлар пойтахти” деб эълон қилинди. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 2022-2023 йилларда туризм соҳасида меҳмонхона, мотел, умумий овқатланиш шохобчалари, экотуризм, туристик транспорт воситаларидан иборат умумий лойиҳа қиймати 483,9 миллиард сўмни ташкил этувчи 52 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мазкур лойиҳалардан 9 таси ишга туширилди.
[gallery-8123]
Вилоятда хорижий инвестиция асосида 28 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 3 та йирик меҳмонхона лойиҳаларининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Жорий йил якунига қадар Ҳиндистоннинг “Metric Ventures” МЧЖ ҳамда Буюк Британиянинг “Wide Tent Sistem” компаниялари томонидан амалга оширилаётган 5 юлдузли “Hyatt Regency” ҳамда 4 юлдузли “Wyndham” брендлари номи остида меҳмонхоналар ўз фаолиятини бошлайди. 2022 йил II ярим йиллигида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари сонини 450 тага, улардаги ўринлар сонини 12 мингтага етказиш ҳамда сайёҳлар ташриф буюрадиган 10 га яқин янги йўналишларни ташкил этиш кўзда тутилган. Туризм йўналишидаги ресторанлар сонини 100 тага, ички туризм йўналишида вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий сайёҳлар сонини 2,4 миллион нафарга, туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш соҳаси, маданият ва кинематография соҳаларида 18 мингтага яқин янги иш ўрни яратилади.
Бухорода туризмни жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш орқали маҳаллий сайёҳлар оқимини 2,4 миллион нафарга, хорижий сайёҳлар оқимини 450 минг нафарга етказиш чоралари кўрилади. Бухоро аэропорти орқали халқаро авиақатновлар сони 2022 йилда 1 бараварга (871 та рейс) оширилади. Туризм инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида 8 та янги туризм маршрутлари ишлаб чиқилади. Вилоятнинг туман (шаҳар)лар кесимида катта-кичик ҳажмдаги 40 та меҳмонхона, 55 та оилавий меҳмон уйлари ва 17 та хостел ташкил этилади.
Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган “Афшона” қишлоғини туризм шаҳарчасига айлантириш юзасидан музейга туташ ҳудуддан 2,7 гектар ер участкасини қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари ҳисобига ўтказиш ҳамда белгиланган тартибда инвестор ва ташаббускорларни жалб қилган ҳолда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида қурилиш ишлари бошланади. Бухоро шаҳар И.Каримов кўчасида “Gastro Bazar” ва “Street Food” гастрономик кўча ташкил этилади. Ғиждувон туманида “Қўрғон” “Туризм маҳалласи”, Вобкент туманида “Ширин этнотуризм қишлоғи” ва Аҳмад Дониш кўчасида “Туризм кўчаси” ташкил этиш режалаштирилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат). ЎзА