Бухоро туманида ихтисослаштирилган мактаб иш бошлади
Президент Таълим муассасалари Агентлиги тасарруфидаги Бухоро тумани ихтисослаштирилган мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шароитлар яратилаётгани, халқ таълимига давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

Шундан сўнг, рамзий лента қирқилиб, Президент Таълим муассасалари Агентлиги тасарруфидаги Бухоро тумани ихтисослаштирилган мактаби очилди. Тадбир иштирокчилари муассасада яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Мазкур мактабда 263 нафар иқтидорли ва қобилиятли ўқувчилар танлаб олинди. Уларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.
Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича олиб борилади. Шу билан бирга, таълим даргоҳида синов натижалари асосида энг муносиб деб топилган педагоглар жалб этилиб, уларнинг фаолияти учун керакли шарт-шароитлар яратилган.

Олдинлари 13-ИДУМИ шаклида фаолият юритган мазкур муассасада қурувчи-пудратчи “Бунёдкор Иззатилло Сохтимон” МЧЖ томонидан қисқа фурсат ичида 2,73 миллиард сўм бюджет маблағлари эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мактабдаги ўқув-тарбия жараёнларига халқаро Cambridge Assessment International Education таълим системасига босқичма-босқич ўтиш режалаштирилган.
Тадбирда туман ҳокими Хайрулло Жўраев, “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов, ўқувчиларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Зариф Комилов, ЎзА