“Бухоро – ислом цивилизацияси гавҳари”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2022 йил 20 майдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро туризм ҳафталиги”ни ташқил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Бухорода “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази томонидан ҳафталик доирасида мамлакатимиздаги мавжуд зиёрат туризми имкониятидан янада унумли фойдаланиш, Ўзбекистон заминини дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида намоён қилиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларнинг юқори эътирофларига сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини ошириш мақсадида “Бухоро – ислом цивилизацияси гавҳари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Халқаро конференцияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарлари ва илмий жамоаси, қатор халқаро ташкилотлар, ислом дунёсининг нуфузли шахслари, чет давлатларнинг зиёрат туризми масъуллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакилллари иштирок этди.

Анжуманда 30 га яқин маҳаллий ва хорижий тадқиқотчи олим, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, зиёрат туризми йўналишидаги соҳа мутахассислари, вазирлик ва идоралар вакиллари жаҳон ва миллий туризм ривожланишида янги трендлар, туризм йўналишидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, зиёрат туризми имкониятлари ва мавжуд камчиликлар, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти юзасидан маърузалар ўқишди.
Марказ музейи фонди ва экспозициясини шакллантириш мақсадида музей фондига қабул қилинган тарихий ашёлар, макет ва муляжлар, Қуръони каримнинг нодир қўлёзмасидан иборат коллекция ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр қилинган илмий-маърифий китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, Марказ ходимлари Мир араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг Ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусидаги халқаро конференция доирасида ташкил этилган “Бухоро алломалари илмий меросининг аҳамияти” “Мир араб мадрасаси ташкил топганининг 500 йиллиги: ўтмиш ва ҳозирги замон” “Бобохоновлар сулоласининг ислом динини сақлаш, тарғиб ва ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси” мавзуларидаги шуъба йиғилишларида ҳам қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири