Ватанимиз тарихидаги 4 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1008 йил (бундан 1013 йил олдин) – ҳижрий 398 йил рабиуссоний ойининг йигирма иккинчи куни якшанбада (милодий 1008 йил 4 январда) Балх яқинида бўлган жангда Ғазнавийлар давлати ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий Қорахонийлар давлати қўшинини тор-мор этди. Шу билан билан қораҳонийларнинг Хуросонга қилиб турадиган ҳужумларига вақтинча чек қўйилди, Маҳмуд Ғазнавий Хуросонни ўз қўлида сақлаб қолди.
1405 йил (бундан 616 йил олдин) – Хитой юришига отланган Амир Темур қўшини ниҳоятда қаҳратон қиш таъсирида Сирдарё қалин музлаб қолгани сабабли муз устидан бемалол дарёни кесиб ўтди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, совуқнинг қаттиқлигидан ақсарият аскарларнинг қулоқ ва бурунлари, қўл ва оёқларини совуқ олган. Бир қанча аскарлар ва айрим ҳарбий бошлиқлар совуқдан музлаб ҳалок бўлган.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Тошкентда миллий ва сиёсий, иқтисодий, тарихий, илмий, ижтимоий “Ишчилар дунёси” журналининг 1-сони босмадан чиқди. Ҳисом Жалолий муҳаррирлигида иш бошлаган “Ишчилар дунёси” журналининг шиори “Яшасин Туркистон Мухторияти!” эди. Бу эса журналнинг Тошкент тараққийпарварлари томонидан Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилганлигини англатади.
1922 йил (бундан 99 йил олдин) – Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафо Камол пошо (Отатурк) Фахри пошони ҳукуматнинг Бухородаги вакили қилиб тайинлади. Тарихчи Зумрад Раҳмонқулованинг қайд этишича, бунга жавобан Бухоро ҳукумати ҳам Туркияга ўз вакилларини юборди. Бухоро Халқ Совет Республикаси вакилларини Мустафо Камол қабул килади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, расмий учрашувда Бухоро Халқ Совет Республикаси вакиллари Мустафо Камол билан Анқарада учрашганидан мамнун эканлигини ва турк халкига миллий-озодлик уруши (Куртулиш саваши)да ғалабалар тилаб қолишини билдиради.
Зумрад Раҳмонқулованинг ёзишича, Бухоро ҳукумати вакиллари Туркияга ҳадя сифатида иккита қилич ва бошқа кимматбахо совғалар олиб боради. Қиличлардан бири Мустафо Камолга, иккинчиси эса миллий-озодлик урушида Измирни Греция қўшинларидан озод этиб, шаҳарга биринчи бўлиб кирадиган кўшин кўмондонига бериш учун юборилади.
Мустафо Камол Бухоро вакилларига миннатдорчилик билдириб шундай дейди: “Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси сифатида сизлар билан учрашганимдан мамнунман. Совға сифатида юборилган ушбу қилич билан турк армияси янги ғалабаларга эришишига ишонаман”. Орадан кўп вақт ўтмай Мустафо Камол Туркия Республикаси асосчиси ва биринчи президентига айланди.
1941 йил (бундан 80 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Шафоат Раҳматуллаева таваллуд топди.
1956 йил (бундан 65 йил олдин) – ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси “Ўзбекистон маданияти” номи билан чиқа бошлади.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг вице-президенти лавозимини тугатиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимини таъсис этиш ва Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (асосий қонуни)га ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Украинанинг давлат мустақиллигини тан олиш тўғрисида Олий Кенгаш қарорлари қабул қилинди.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади