2025 йил Марказий Осиёнинг энг диққатга сазовор маданий ташаббуси бўлиши кутилаётган илк Бухоро биенналеси ўтказилади. Мазкур ўзига хос тадбир бутун дунё рассомлари ва усталарини мулоқот, ижод ва фикр алмашиш учун Бухорода жамлайди.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси келгуси йил 5 сентябрда ўз ишини бошлайдиган мазкур биеннале тафсилотларини эълон қилди.
Диана Кемпбелл бадиий раҳбарлигидаги мазкур биенналеда “Парчаланган қалблар учун малҳамлар” кўргазмаси пазандачилик, тасвирий санъат, тўқимачилик, ҳунармандчилик, мусиқа, рақс ва меъморчиликни қамраб олади. Тадбирда ўзбекистонлик рассом ва ҳунармандларнинг асарлари намойиш қилиниб, халқаро миқёсда эътироф этилган усталар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилади.

– Бухоронинг тарихий маркази ва унинг диққатга сазовор меъморий жойлари асрлар давомида бетакрорликни яратиш мақсадида бутун дунё ихтироларини қамраб олган шаҳар, – дейди тадбирнинг меъморчилик бўйича ижодий директори ва шаҳарнинг янгиланган тарихий тумани меъмори Ваэл Ал Авар. – Биеннале доирасида Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрувчилар ажойиб маконнинг тарихи ва маданияти билан учрашади.

Илк биеннале Файзулла Хўжаев уй-музейи, «Мир Араб» мадрасаси, «Мағоки аттори» масжиди, Минораи Калон ва Олимжон карвонсаройида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
– Биз бутун дунёдан келадиган ижодкорлар, мутафаккирлар ва меҳмонларни Ўзбекистонда кўришдан, ёрқин маданият ва бой меросдан баҳраманд бўлишга таклиф этишдан мамнунмиз, – дейди Бухоро биенналеси комиссари, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова. – Ўзбекистонлик рассом, дизайнер ва ҳунармандларнинг асарларини хорижда тарғиб этиш бўйича жамғарма олиб бораётган кенг қамровли ишларга асосланиб, мамлакатимизда илк бор йирик халқаро биенналени ўтказаётганимиздан фахрланамиз. Кўп асрлар давомида савдо, санъат, ҳунармандчилик ва илм-фаннинг маркази бўлган Бухоро ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати бўйича ЮНEСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи рўйхатига киради. Ўзининг бой ўтмишига таянган Бухоро соҳалараро ва маданиятлараро алмашинув учун энг мақбул манзилдир.

Қайд этиш керак, мазкур ташаббус ўзбек санъати ва маданиятининг тарғиби ҳамда муҳофазаси билан шуғулланувчи Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА