БухДУда касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди
Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов имтихонлар бошланишидан олдин абитуриентлар учун яратилган шароитлар танишди. Республикамизнинг бошқа олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган комиссия аъзолари билан йиғилиш ўтказилди. Уларга жараённи шаффоф олиб бориш, коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик яна бир бор эслатилди.
Бухоро давлат университетида жорий ўқув йилида абитуриентлар «Вокал санъати: анъанавий хонандалик», «Чолғу ижрочилиги: халқ чолғулари (рубоб прима, қашқар ваа афғон рубоби)», «Рангтасвир: дастгоҳли», «Амалий санъат: бадиий кулолчилик», «Спорт фаолияти: бокс», «Спорт фаолияти: кураш», «Спорт фаолияти: футбол», «Спорт фаолияти: эркин кураш», «Спорт фаолияти: волейбол» йўналишлари бўйича жами 730 нафар абитуриент касбий (ижодий) имтиҳонларни топширади.


Президентимизнинг «2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарорига асосан жорий ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда абитуриентлардан касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилиши белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА