Бувайдада қотиллик: 19 ёшли йигит ҳомиладор хотини ва қайнотасини чопқи билан чопиб ташлади
Фарғона вилояти Бувайда тумани “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида содир этилган даҳшатли қотиллик жинояти барчани қалбини ларза солди. 19 ёшли йигитнинг ҳомиладор хотини ва қайнотасини чопқи билан чопиб ташлаши одамийликнинг қайси мезонига тўғри келади ахир?!
Бу дунёда ҳамма орзу-ҳавас билан яшайди, фарзандининг бахту камолини кўришни истайди. Комилжон ака ҳамда Дилбархон опа ҳам қизи Одинани яхши жойга узатиб, бахтли ҳаёт кечиришини хоҳларди. Афсуски, қизига совчи қўйган, унаштириб қўйган йигит Асрор бундайлар тоифасидан чиқмади. Бўлажак куёв ҳақида турли гапларни эшитганидан сўнг, фотиҳани бекор қилишди. Бошқасига турмушга узатмоқчи бўлганида эса Асрор қизга тазйиқ ўтказишни бошлади. Уйига бостириб келиб, пичоқ тираб “ агар менга тегмасанг, ота-онангни ўлдираман” дея таҳдид қилди. Яқин инсонларининг ҳаётини афзал билган Одина ота-онасига Асрорга турмушга чиқишини айтади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, улар тўйсиз, шаръий нигоҳ билан оила қуришади. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Куёв арзимас баҳоналар билан Одинани урар, ёш келинчакнинг кўз очиб кўргани даҳмаза бўлди холос. Ойлаб ота-онасиникига жўнатмас, ҳар кунги жанжаллар, келишмовчиликлар уни кемириб борарди. Ота-онасига айтай деса, турмуш ўртоғи уларни ўлдириши билан қўрқитарди. Келинчак ўз дардини ичига ютганча, ҳаёт шу эканда дея яшай бошлади. Тазйиқлардан чарчаган Одина ҳаммасига нуқта қўйишни ўйлаб қолар, ота-онасининг ҳаловати ва кўча куйдаги гап -сўзларни ўйлаб яна шаштидан қайтарди.
Ота-она дийдорини кўрмаганига икки ойдан ошди. Турмуш ўртоғидан уйига боришига рухсат сўраганида, ундан яна ҳар доимгидек йўқ жавобини эшитди. Келинчак бу билан қутулмади, Асрор уни беаёв калтаклади. Жанжаллардан зериккан Одина шундан сўнг уйига кетиб қолади. Афсуски, унинг саломатлиги ёмонлашиб, Бувайда туман шифохонасига ётқизилди. Шифокорларнинг айтишича, 14 кунлик ҳомила қорин қисмига берилган зарб туфайли нобуд бўлган. Буни эшитган Одина энди у инсон билан яшамасликка қарор қилганди. Бу қарорини яқинлари ҳам қўллаб-қувватлади. Бу ишлардан сўнг, туман ИИБ ҳолат бўйича тергов текширувни бошлади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича Асрорга суд томонидан жазо тайинланди. У бундан ғазабланиб, йўлига тўғоноқ бўлаётган қайнота ва қайнотасини ўлдиришни мақсад қилади.
Баҳорнинг илк кунлари. Одина энди маҳзун ва қора кунларни унутгандек эди.У ёлғиз ухлашдан қўрқади. Аксига олиб, бугун амакисининг ҳовлисида сумалак. Онаси ва синглиси ўша ерга кетишган.
–Ўзинг ухлагани қўрқсанг, бизни хонага жой сола қол қизим. Лекин чўчима энди ҳаммаси яхши бўлади,– деди отаси.
Асрор бу пайтда мудҳиш режасини амалга ошириш пайида эди. Қайнотасининг уйини дарвозаси йўқлиги сабабли ичкарига кириб чап томондаги битмаган хонада қулай фурсатни пойлай бошлайди. Вақт бўлгач, қайнона-қайнотаси яшайдиган хонага қараганида хона чироғи ёниқ бўлиб, уй ичида қайнотаси ва бир аёл кўрпага ўраниб ётганини кўради. Уларни айнан ўлжаси эканига ишонч ҳосил қилиб, қайнотасини чопқида чопа бошлайди.
Хона бурчагида ухлаётган Одина отасининг додлаган овозидан чўчиб уйғониб кетди. Бошини кўтарганида кучли зарб урилди. Ҳеч нарса англай олмасди. Фақат кўз ўнгида отасини кимдир тинимсиз чопқиларди. Ураётган одамга эътибор билан қаради, юзида ниқоб бўлишига қарамай бўй басти ва кийимидан турмуш ўртоғи эканлигини билди. Ёрдам сўрамоқчи бўлиб, бақирган заҳоти уни ҳам чопқилай кетди...
Қайнота оғир тан жароҳати олиб, кўрсатилган биринчи тез тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган. Одина эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Судга оид тиббий экспертизанинг 2021 йил 26 мартдаги хулосасида марҳум К.И.нинг бош мия очиқ шикасти, калла суякларининг синиши, мия юмшоқ пардалари остига ва мия моддасига қон қуйилиши, бош мия лат ейишидан келиб чиққани, ушбу жароҳатлар унинг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳат ҳисобланиши кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Раҳматжон Араповнинг маълум қилишича, суднинг 2021 йил 17 августдаги ҳукми билан Асрор Иброҳимов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) 25, 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Бир оила соҳиби қотиллик қурбони бўлди, яқинларининг қалби жароҳатланди. Хўш, тумандаги фаоллар, маҳалла аҳли нега бу жиноятнинг келиб чиқиши сабаб ва омилларига ўз вақтида эътибор қаратмади? Шаръий никоҳ қурган бу ёш оилада мунтазам жанжаллар бўлиб турган. Қўни-қўшнилар, маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ҳолатни кўрмаганга олишган. Асрорга олдин ҳам жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг 2020 йил 25 май кунидаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми билан 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди. У бундан хулоса чиқармади. Масъуллар оилани сақлаб қолиш, жиноятнинг олдини олиш чораларини кўрганида балки бу қотиллик жинояти рўй бермасмиди?
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА