Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси делегацияси Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган уруғчилик конгрессида иштирок этмоқда.
Конгресс Халқаро уруғчилик федерацияси, Халқаро ўсимликларни муҳофаза қилиш ташкилоти, Халқаро уруғлик синовлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

100 дан ортиқ мамлакатнинг вазирлик, идоралари ва соҳага доир ташкилотларидан келган 2000 нафардан ортиқ вакилни жамлаган нуфузли анжуманда жаҳон уруғчилик савдосидаги сўнгги ўзгаришлар, мавжуд муаммолар муҳокама этилмоқда. Шу билан бирга, алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда иқлим ўзгариши жараёнларига мос, сифат кўрсаткичлари юқори навларни яратиш бўйича тажриба алмашилмоқда.


Конгрессни уюштиришдан мақсад иштирокчиларни Туркия, АҚШ ва бошқа етакчи хорижий мамлакатлар тажрибалари асосида қишлоқ хўжалиги экинлари навларини яратишнинг янги усуллари, нав уруғликларини аниқлаш, таққослаш, сертификатлаштириш, кўпайтириш, ишлаб чиқариш, сақлаш технологиялари бўйича олиб борилган сўнгги тадқиқотлар билан илмий-амалий тарзда таништириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини кенгайтиришдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА