Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни
Андижон шаҳридаги “Ёшлар” марказида Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ОИТС билан оғриган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, хасталик аломатлари, касалликдан сақланиш ва огоҳликка кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, мазкур йўналишлардаги тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунё ҳамжамияти 2030 йилгача ОИТСни соғлиққа хавф солувчи таҳдид сифатида тугатиш режаси устида иш олиб бормоқда.
– Ана шу мақсадга эришиш энг аввало, бутун инсониятни ҳамжиҳат ва масъулиятли бўлишига боғлиқ, – дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокори Нигорахон Сотқулова. – ОИТС касаллиги келиб чиқиши ва тарқалишини олдини олишда кенг жамоатчилик ҳамжиҳатлиги, халқаро ҳамжамият ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Ана шундан келиб чиқиб, жорий йилда Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни “Халқаро ҳамжиҳатлик, умумий масъулият” шиори остида бўлиб ўтмоқда.
Ёшлар етакчилари, сардорлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этган тадбирда мутахассислар томонидан ОИВ инфекцияси ва ОИТС хасталиги тушунчаси, унинг инсон организми учун зарарли таъсири, касалликнинг юқиш йўллари ҳамда ундан ҳимояланиш усуллари хусусида кенг маълумотлар берилди.
Мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтган тадбир иштирокчилари ОИТС хасталигига оид ўзларини қизиқтиган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА