ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз муҳандислик-технология институтида 22 апрель – Бутунжаҳон ер куни муносабати билан Геодезия кадастр ва картография йўналишида таълим олаётган талабалар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари, Республика аэрогеодезия маркази Сурхондарё ҳудудлараро бўлинмаси томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари талабаларни замонавий геодезик асбоб ускуналар билан таништирди.
БМТ Бош Ассамблеяси 63-сессиясида тасдиқланган Халқаро ер куни ҳозирги ва келажак авлоднинг иқтисодий, ижтимоий, экологик эҳтиёжи ўртасида мувозанатга эришиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиат билан уйғунликка эришиш муҳимлигини таъкидлайди.
[gallery-17035]
Юртимизда иқлим ўзгариши туфайли кучайиб бораётган ер деградациясига қарши курашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда ер деградациясига қарши курашиш ва ушбу ҳолатнинг салбий оқибатини юмшатиш, ҳудудларда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, биология хилма-хиллигини сақлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, деградацияга учраган ерни қайта тиклаш, илғор илмий ишланма, инновациядан кенг фойдаланиш асосида барқарор ривожланишга эришиш бўйича қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Тадбирда талабаларнинг кадастр соҳасидаги билимини синаш мақсадида заковат ўйинлари, очиқ дарслар ҳамда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Унда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари ҳамда Республика аэрогеодезия маркази Сурхондарё ҳудудлараро бўлинмаси масъуллари соҳага қизиқувчи талабаларга кадастр йўналиши, унинг ўзига хос жиҳатлари, соҳада ер назорати , давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари, бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш юзасидан маълумот берди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА