Ватанимиз тарихидаги 2 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1894 йил (бундан 131 йил олдин) – Тошкент қозилари қурултойида Тошкент шаҳри бўйича қозиларнинг иш тартиб-қоидалари дастури тасдиқланди. Унга кўра қозиларнинг иш куни сифатида ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунларидан ташқари беш кун: душанба, сешанба, пайшанба, жума ва шанба кунлари эрталаб соат 8:00 дан бошлаб кечки соат 15:00 га қадар иш вақтлари белгиланди. Бирор жиддий сабаб ёки ҳодиса содир бўлмаса қозилар икки кун дам олиш ҳуқуқига эга бўлган.
1902 йил (бундан 123 йил олдин) – Тошкентда илк бор Тошкент қишлоқ хўжалиги гидротехника қуйи билим юрти очилди. Билим юртининг вазифасига муҳим суғориш усуллари, суғориш тизими иншоотларини ўрганиш кирган. Тадқиқотчи Р.Хатамованинг қайд этишича, у ўз фаолиятини 1918 йилгача давом эттирган. Ўзбекистоннинг биринчи ирригатори (сув чиқариш ишлари мутахассиси) Сайфиддин Мақсудхўжаев 1907 йилда мана шу билим юртини тамомлаган.
1913 йил (бундан 112 йил олдин) – Бухоро жадидлари томонидан чиқарилган “Турон” газетаси фаолияти тўхтатилди. Садриддин Айнийнинг қайд этишича, 2 январь куни рус элчихонаси номидан ушбу мазмунда бир мактуб келади: “Бухоро амири жаноби олий (Амир Олимхон)нинг хоҳишлари билан ушбу кундан эътиборан “Бухоройи шариф” ва “Турон” газеталари тўхтатилди”. Шундай қилиб, 2 январда “Турон” газетаси ўзининг 49-сонига келиб, “Бухоройи шариф” газетаси эса шу йилнинг 12 январида ўзининг 153-сонига келиб ўз фаолиятини тўхтатди. Садриддин Айний таъбири билан айтганда, “бу газеталар ўн ойлик фаолиятида ҳар бир нарсадан хабарсиз Бухоро аҳолисини тарихдан, сиёсатдан, жуғрофиядан, Европанинг умумий аҳволидан, мусулмонларнинг ҳалокат чуқурига тушаётганларидан хабардор қилди. Ёшлар бошига адабиёт, қалам ва ўқимоқ фикрлари тушди. Оталар эсларига бола тарбияси ва ўқитмоқ хаёллари келди”.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Турон” газетаси Янги Бухоро (ҳозирги Когон) шаҳрида 1912 йил 14 июлдан бошлаб ўзбек тилида чоп тилган. Дастлаб ҳафтасига 2 марта, сўнгра 3 марта нашр қилинган. Газета саҳифаларида Бухоро амирлигидаги иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёт тасвирланган, амирликда ислоҳот ўтказиш зарурияти таъкидланган. “Турон” факат Бухорода эмас, балки бутун Туркистонда шуҳрат қозонган.
1915 йил (бундан 110 йил олдин) – “Садои Фарғона” газетасининг 2 январь сонида “Нафсоният қаҳрамони” номли мақола эълон қилинди. Унда Андижонда амалга оширилган хайрли, ибратли ишлар ҳикоя қилинади. Мақолада Андижондаги машҳур Офтобачи мадрасаси биноси эски бўлиб, “талабаларни истиқомат қилмоқларига ярамай қолинганлиги сабабли, Андижоннинг яланғочқўрғонлик ҳожи Муҳаммад эшон жаноблари Насибулло ўз ақчаларидан мазкур мадраса биносини ислоҳ қилиб бурунги мударрис келтирилиб, мадрасани аввалгидек обод қилиб талабалар ўқумоқда эканлар” деб ёзилганди.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Бухоро Халқ маорифи назорати томонидан 25 нафар талаба олий таълим олиш учун Туркияга жўнатилди. Уларни олий ўқув юртларига жойлаштириш, талабаларнинг моддий ва маънавий таъминотини ташкил этиш мақсадида Халқ маорифи назорати нозири (вазири) муовини Исмоил Садир ҳам Туркияга юборилган. Декабрь ойининг охирида Бухорога қайтиб келган вазир ўринбосари Исмоил Садирдан “Бухоро ахбори” газетаси мухбири интервью олган ҳамда унинг Туркиядаги талабалар таҳсили ҳақидаги маълумотларини тўлалигича газетада чоп этган.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Бухорода Тропик касалликлар институти очилди. Тадқиқотчи Гавҳар Мўминованинг қайд этишича, институт лабораторияси Германиядан келтирилган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, институтда 18 шифокор фаолият кўрсатди.
1929 йил (бундан 96 йил олдин) – кинорежиссёр, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Латиф Файзиев таваллуд топди (вафоти 1994 йил). У биринчи ўзбек рангли фильми – “Амирликнинг емирилиши”, шунингдек, “Улуғбек юлдузи”, “Алибобо ва қирқ қароқчи”, “Севги афсонаси” каби фильмларни суратга олган. 1994 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
1942 йил (бундан 83 йил олдин) – Тошкент шаҳрида хотин-қизларнинг йиғилиши бўлиб, унда республикамиздаги барча аёлларга қарата мурожаат қабул қилинди. Мурожаатда етим болаларни ўз тарбиясига олишга даъват этилди. Кўплаб оилалар боқимсиз қолган болаларни ўзларига фарзандликка олдилар, Иккинчи жаҳон уруши қийинчиликларига қарамай топган-тутганларини улар билан баҳам кўрдилар. Ўзбекистон раҳбарларидан Усмон Юсупов ва Йўлдош Охунбобоевлар оиласи ҳам етим болаларни ўз тарбиясига олдилар.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Эквадор, Эфиопия, Лаос, Непал, Панама, Сингапур Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Хитой Халқ Республикаси ташқи савдо ва иқтисодий ҳамкорлик вазири Ли Лянциннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш тўғрисида Баённома имзоланди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Хитой Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини тан олган дастлабки давлатлардан бири ҳисобланади. У 1991 йил 27 декабрда Ўзбекистон северенитетини тан олган.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 9 боб, 50 моддадан иборат.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль транспорти соҳасида давлат иштирокидаги корхоналарга хусусий секторни жалб қилиш тўғрисид”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади