Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Туркиянинг кўплаб илмий муассасалари, таълим даргоҳлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган бўлиб, бир неча йилдан буён Туркияда Ўзбек тили ва маданияти марказини ташкил этишни режалаштириб келаётган эди.
Мазкур масала Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам илгари сурилган эди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2024 йил 12 январдаги “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, миллий тилимиз ва адабиётимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон тарихи, маданияти, адабиёти ва тилига қизиқувчи хорижлик тадқиқотчилар, кўнгиллилар учун имконият яратиш мақсадида хорижий давлатларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти марказлари ташкил этилмоқда. Шу кунгача Хитой, Россия, Ҳиндистон Қирғизистон сингари давлатларда ана шундай марказлар очилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
2024 йилнинг 8 февраль куни Туркиянинг қадимий Бурса шаҳридаги Улудағ университетида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ушбу тадбир иштирокчиларини тарихий воқеа билан қутлаб, мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан очилаётганини қайд этди. У шунингдек, яқин орада Ўзбекистонда ҳам Туркиянинг Юнус Эмро фонди ваколатхонаси очилиши кутилаётганини ҳам маълум қилди.
Бу марказ қадимий ва замонавий туркий тиллар, туркий халқлар адабиёти бўйича илмий тадқиқотлар олиб борувчи ёш олимлар, тарихчилар, этнографлар учун керакли зарурий манбалар билан таъминланади. Қолаверса, марказ икки университет ўртасида ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзаро тажриба алмашинуви учун ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, бу ерда турк қардошларимиз, Туркия ёшлари Ўзбекистон ҳақида, унинг тарихи, бугуни ва эртаси хусусида кенг маълумот олишлари учун барча имкониятлар яратилади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан ушбу марказга 200 дан ортиқ илмий, бадиий ва оммабоп китоблар, ўзбек миллий амалий санъат буюмлари, чолғу асбоблари совға қилинди.
Мазкур марказда бундан буён мунтазам равишда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтиши, ўзбек олимлари ва шоирлари, ёзувчилари, санъат вакилларининг учрашувлари ўтказилиши, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболи ҳақида турли маърузалар ташкил этилишига келишиб олинди.
Марказ икки мамлакат ўртасидаги маданиятларни яқинлаштириш, таълим муассасаларининг ўзаро тажриба алмашишида ҳам муҳим ўрин тутиши ҳар икки мамлакат вакиллари томонидан таъкидланиб, бундай эзгу ташаббуслар маъқулланди.
Н.Усмонова, ЎзА