Боёвут туманининг Бунёдкор маҳалласи ҳудудидан ўтган 11, 3 километр йўлнинг қурилганига ҳам анча бўлганди. Яқинда туман ҳокимлиги томонидан савоб ишга қул урилди. Ана шу йўлнинг таъмирталаб, аҳолига муаммо туғдираётган қисмини қайта қуриш, таъмирлаш ва шағал тўкиш билан боғлиқ юмушлар туман инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилди. Бу эса, бунёдкорликларнинг бир қувончига ўн қувонч қўшди.
Ана шу ишлар самарасида туман ҳокими Дилффуза Ўролованинг ташаббуси билан Тароват ва Ораста кўчалари кесишмасида жойлашган Сарбон кўчасининг ярим километрдан кўпроқ қисми асфальт қилинган бўлса, яқин кунларда Кийик тепа А кўчасининг 1 километрига асфальт ётқизилди. Бундан ташқари, 1 километр 650 метрида шағал тўкиш ишлари амалга оширилди.
– Бунёдкор маҳалласида 532 та хонадон бўлиб, унда 3065 нафар фуқаро истиқомат қилади,– дейди маҳалла раиси Достонбек Тоиров. –Ҳақиқатдан ҳам, кўп кўчаларимиз таъмирталаб, бу эса ёғингарчилик кунларида аҳолига турли ноқулайликлар туғдираётган эди. Бугун битта, эртага бошқа кўчамиз, хуллас, яқин фурсатларда муаммоли кўчалардан бутунлайин холос бўламиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига раҳмат.
–Йўл қуриш – савоб. Йўл қурувчилари йўлни жуда сифатли, кўнгилдагидек таъмирлаб берди. Насиб қилса, қолган кўчаларимиз ҳам асфальт қилинса, ҳеч қанақа шаҳардан фарқимиз қолмайди,–дейди фахрий Бозорбой бобо Жўраев.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири