“Бунёдкор”да мураббийлар штаби таркиби ўзгарди
Бу ҳақда футбол клубининг расмий сайтида хабар берилди. Хабарда ёзилишича, суперлиганинг 6-тури доирасида “Олимпик” клубига ютқазган “Бунёдкор” клуб тарихидаги энг йирик ҳисобдаги мағлубиятга учраган. (1:5).
Мазкур муваффақиятсизликдан кейин клуб раҳбарияти мураббийлар штаби олдига “Навбаҳор”га қарши навбатдаги баҳсда ғалаба қозониш вазифасини қўйган. Гарчи Наманганда мағлубиятга учралган бўлса-да, мезбонлар билан беллашувда “қалдирғочлар” мазмунли ўйин ва муносиб қаршилик кўрсата олганларидан келиб чиқиб, мураббийлар штабига яна имконият берилган эди. 11 май куни Суперлиганинг 8-турида “Металлург” жамоаси билан куч синашган “Бунёдкор” яна муҳим очколарни бой берди.
Ушбу учрашувдан сўнг клуб президенти Меҳриддин Абдуллаев мураббийлар штабидаги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилди.
Унга кўра, бош мураббий Шуҳрат Мақсудов, мураббий Арам Ананян ва дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Раҳимов ўз лавозимларини тарк этишди. Шу кунга қадар бош мураббий ассистенти бўлиб ишлаб келган Виктор Карпенко бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Анвар Ғофуров бош мураббий ассистенти лавозимига ўтказиладиган бўлди. Руминиялик мутахассис Августин Чирита жисмоний тайёргарлик бўйича масъул этиб белгиланди.
“Бунёдкор” футбол клуби мураббийлар штабидаги бўш ўринларга номзодларни кўриб чиқиш Виктор Карпенко зиммасига юклатилди.
Т.Рўзиев, ЎзА