Қатра
Бу йил қиш баҳор фаслидек ўтди чоғи. Қишнинг бир куни ҳам қолса, қўрққин дегувчи эди боболар. Шундай ҳам бўлди. Баҳор бор таровати билан фасллар алмашинувига киришди. Аммо совуқ кунлар бунга йўл бермади. Дунё курашлар остида яралган гўё. Инсоният яхшиликларга доим талпиниб яшайди. Қиш бу гўзал диёрдан кетгиси келмади, чоғи. Баҳор ҳам бирор кунини қишга бергиси келмади. Қария шу каби ўйлар билан эшик очиб кўчага қадам босди.
Туни билан тинимсиз ёққан ёмғирдан сўнг осмон тиниқлашгандек. Қуёшнинг тафти бошқача туюлди. Ўлмаган қул баҳорга ҳам етди, деди қария ўзича шивирлаб. Ҳовлидаги катта ўрик дарахти кечагина гуллай деб турган эди. Бугун эса қийғос очилибди. Шамолда ўрикнинг оппоқ гуллари ерга қор мисоли ястаниб ётибди.
Шамолнинг ҳар фаслда ўз юмуши бор. Кузда хазонларни, қишда қор парчаларини, ёзда тупроқ ва қум уюмларини, баҳорда эса гулларни ҳар томонга сочади. Қариянинг юзига табассум югурди. Нима бўлганда ҳам баҳор келибди, дея шивирлади. Осмонга қаради. Баландларда, қордек оппоқ булутлар остида бир-бирини қувалаб учаётган қалдирғочларни кузатди. Уларнинг чирқирашидан завқ олди. Бир жуфт мусичаларнинг шохдан шохга сакрашини табассум билан кузатди.
Шу пайт осмондан турналарнинг “қур-қури” эшитилди. Қария товуш келган томонга қаради. Турналар кўкда турли шакллар ҳосил қилиб учиб борарди. Юраги яна қувончдан энтикди. Турналар пастлаб учган йили юртда арзончилик бўлади, дейишарди. Боғлар, далалар серҳосил, халқнинг ризқи бутун бўлади. Шундай бўлсин. Боғбон, деҳқоннинг иши ўнгидан келса, халқ тўқ бўлади, юрт обод бўлади.
Қўни-қўшнилар ўз юмуши билан банд. Кимдир ниҳол экяпти, кимдир ариқларни тозалаяпти, кимдир дарахтларни оқлаяпти. Қизлар-келинлар кўча-ҳовлиларни супуриб, сув сепяпти. Ҳар томонда саришталик. Варрак учиришга югургилаган болаларнинг шўх-шодон кулгилари оламни тутади.
Аллақачон наврўз таомлари – сумалак, ҳалим тайёрлаш бошланиб кетган. Қўшнилар бу каби ишларда анча чаққон. Ёшлар кекса отахон, онахонлардан Наврўзнинг барча таомилларини зийраклик билан эгаллаб олиш ҳаракатида.
Қария бир олам завқ билан ҳовлига қадам қўйди. Ҳовлидан тандирда ёпилган кўк сомсанинг исини туйди. Набиралар шовқин солиб ҳовлини бошига кўтаргудек чопишарди. Ҳовлида очила бошлаган турли гул ва лолалардан янада завққа тўлди. Ҳамма, ҳаммаси баҳордан дарак. Бу йил бунчалар соғинтирдинг. Юртимга, руҳимга хуш келдинг, баҳор.
Асрор Сулаймонов, ЎзА