Синган суякларни мўмиё билан даволашни татбиқ этган олим, Бухоро Республикасининг биринчи ҳукумати, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ва 14 сентябрь санаси билан боғлиқ бошқа маълумотлар баёни.
Синган суякларни мўмиё билан даволашни татбиқ этган олим, Бухоро Республикасининг биринчи ҳукумати, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ва 14 сентябрь санаси билан боғлиқ бошқа маълумотлар баёни.
1540 йил (бундан 480 йил олдин) – Бухоро хонлиги қисқа муддат 3 қисмга бўлинган даврда Самарқандда 1540 йил март–сентябрь ойларида ҳукмронлик қилган Абдуллахон I вафот этди. У Самарқандда Регистон яқинидаги Чиҳил (Чил) Духтарон қабристонида дафн этилган. Унинг вафотидан сўнг Самарқанддаги шайбонийлар тахтига укаси Абдуллатифхон ўтирган.
1702 йил (бундан 318 йил олдин) – Бухорони 1680–1702 йилларда бошқарган аштархоний ҳукмдор Субҳонқулихон (1625–1702) оламдан ўтди. Ҳукмронлиги даврида у марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун солиқлар миқдорини ошириб, қўшинни кўпайтирди. Унинг даврида Хива хонлиги яна Бухорога қўшиб олинди ва минтақада ягона ўзбек давлати қарор топди.
Субҳонқулихон ҳукмронлиги йилларида, айниқса, тиббиёт илми ва адабиёт ривожланди. Дор уш-шифода беморларни даволаш билан бир қаторда илмий ишлар ҳам олиб борилган. Субҳонқулихоннинг тиббиётга оид китоблар жамланган нодир кутубхонаси бўлган. У “Субҳоний тиббиёти бўйича даволаш”, “Бахтли соатни аниқлашда ой манзилларининг моҳияти” номли илми нужумга оид рисола ёзган. Ҳукмдор “Нишоний” тахаллуси билан шеърлар битиб, саройда ўтказилган мушоираларда ўзи ҳам шеърлар айтган.
1908 йил (бундан 112 йил олдин) – ортопед-травмотолог, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Одил Шокиров таваллуд топди (вафоти 1986 йил). У Ўзбекистонда биринчи бўлиб синган суякларни мумиё билан комплекс даволаш усулини амалиётга татбиқ этди.
1920 йил (бундан 100 йил олдин) – Бухоро Халқ Совет Республикаси Халқ Нозирлар Шўроси, Инқилобий қўмита ва Бухоро Компартияси Марказий Комитетининг умумий йиғилишида Абдулқодир Муҳитдинов раислигида 9 кишидан иборат олий қонун чиқарувчи орган – Бутун Бухоро инқилобий қўмитаси ва Файзулла Хўжаев раислигида 11 кишидан иборат республика ҳукумати – Халқ Нозирлар Шўроси узил-кесил шаклланди.
1922 йил (бундан 98 йил олдин) – Абдурауф Фитратнинг ташаббуси билан Бухоро Халқ Совет Республикаси Марказий ижроия қўмитаси Бухоро дорилфунунини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди.
1931 йил (бундан 89 йил олдин) – кимё фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Нусрат Парпиев таваллуд топди. Унинг раҳбарлигида илк бор палладий ва кобальт бирикмаларининг шишга карши фаол таъсир этиши аниқланган.
1935 йил (бундан 85 йил олдин) – Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) педагогика факультети негизида Педагогика институти (1998 йил 24 февралдан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети) ташкил этилди.
1952 йил (бундан 68 йил олдин) – Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори, физика-математика фанлари доктори, академик Шавкат Аюпов таваллуд топди.
1954 йил (бундан 66 йил олдин) – эстрада хонандаси, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов таваллуд топди. У кенг диапазонли, жозибали овоз соҳиби. Бир неча халқаро эстрада танловлари, жумладан, 1978 йилда Болгариядаги “Олтин Орфей” ғолиби.
1990 йил (бундан 30 йил олдин) – Тошкентда ислом дини арбобларидан Муҳаммад Исо ат-Термизийнинг таваллудига 1200 йил тўлишига бағишланган Бутунжаҳон ислом конференцияси очилди.
1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Компартиясининг Фавқулодда XXXIII съездида Ўзбекистон Компартияси КПСС таркибидан чиққанлиги эълон қилинди. Партиянинг бундан буён фаолият кўрсатмаслиги эътиборга олиниб, ушбу партия ўрнида Халқ демократик партияси тузилгани эълон қилинди.
1995 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент давлат университетининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
2016 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 4 боб ҳамда 33 моддадан иборат.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади