БухДУ талабаларнинг Оролбўйида ўз кўчати бор
Бухоро давлат университети талабалари “Биз табиат учун масъулмиз” акцияси доирасида Оролбўйи минтақасида бўлди.
Бухоро давлат университети талабалари “Биз табиат учун масъулмиз” акцияси доирасида Оролбўйи минтақасида бўлди.
Талабалар ташрифи Қорақалпоқ давлат университетидан бошланди. Акция иштирокчилари олий ўқув юрти Биология факультетининг зоология музейи, зоология ва тупроқни ўрганишга ихтисослашган лабораториялари билан танишди. Улар факультет биноси атрофида 100 тупдан ортиқ тут ниҳолларини ўтқазишди.
Узоқ вақт давомида табиатга беписандлик оқибатида Орол денгизи ҳудудида экологик кулфат рўй бериб, 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Ҳар йили унинг тубидан шамол орқали кўтарилган миллион тонналаб туз ва қум атроф-муҳитга тарқалмоқда. Бу айниқса, денгиз яқинида бўлган Мўйноқ тумани ижтимоий- иқтисодий ҳаёти ва экологиясига салбий таъсир етказди.
Аммо давлатимиз раҳбарияти ҳудудда аҳволни ўнглаш, кишилар турмуш шароитини яхшилашга доимий эътибор қаратаётир. Бу мўйноқликларга куч- ғайрат бағишламоқда. Улар экологик муаммоларни матонат билан енгиб, туманни “Саҳро марвариди”га айлантиришда шижоат кўрсатмоқда. Бу борада мамлакатимиз турли минтақалари вакиллари уларга елкадош. Бухоролик талабаларнинг Оролбўйига сафаридан бош мақсад ҳам шу эди.
–Биз даставвал Мўйноқнинг Алибек овулидаги 17-умумтаълим мактабида бўлдик, – дейди Бухоро давлат университети Экология ва география кафедраси мудири Ёқуб Холов. – Педагогик жамоа ва иқтидорли ўқувчилар билан мулоқот қизиқарли ўтди. Фаол ўқувчилар китоблар билан тақдирланди. Шунингдек, мактаб кутубхонаси фондига 80 га яқин турли китоблар совға қилинди. Мактаб ҳовлисида акция иштирокчилар 100 тупдан зиёд дарахт кўчатларини экишди. Фақат бу эмас. Талабаларимиз Мўйноқ шаҳрида ҳудуднинг бугуни ва ўтмишидан ҳикоя қилувчи экология музейига ташриф буюрди. Улар мозийгоҳ ҳовлисида ҳам Бухоро воҳасидан олиб келинган, шўр тупроқда ўсишга мослашган тут ва бошқа дарахт кўчатларини ўтқазди.
Орол денгизининг собиқ қирғоқларида ҳам 200 дан ортиқ саксовул кўчатлари экилди. Шунингдек, Оролнинг қуриган тубини кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссасини қўшаётган бухоролик ўрмончилар билан ҳам учрашиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Акция қатнашчилари Оролбўйига сафар доирасида қорақалпоқ халқининг урф-одатлари, турмуш-тарзи, санъати, табиати, халқнинг орзу-армонлари-ю кечинмалари ҳақида маълумот берувчи И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Қизил китобга киритилган кўплаб ўсимлик ва жониворлар асралаётган махсус муҳофаза қилинадиган ҳудуд Қуйи Амударё биосфера резерватига (собиқ Бодайтўқай қўриқхонаси) ҳам ташриф буюрди.