Матбуотнинг кучи, залвори ҳақида кўп ўйлайман.

Бола эдик. Одамлар дала-даштдан кун бўйи бўшамайдиган даврлар эсимга тушади. Кунда-кунора қишлоққа газета ва журналларни олиб келадиган почтачи амаки обуна мавсумида сал ўзгариб қоларди. Чунки унга ҳамманинг иши тушарди-да. Энг камбағал оила ҳам ҳеч бўлмаганда уч-тўртта нашрга обуна бўларди. Ҳолбуки, ўша пайти одамларнинг аҳволи, яшаш тарзи ҳаминқадар эди. Телевизори бўлса, сайисхонасида иккита қўйи бўлса, бас у одам бахтиёр санарди ўзини. Аксарият уйлар шиферсиз бўлгани учун август-сентябрь ойларида биз болалар ҳам том суваш ҳашаридан ортмасдик. Ҳашардаги гап сўзлар, албатта, бирор асар ёки газетада чоп этилган бир мақола ҳақида бўларди. Туман газетасининг муҳаррири ҳеч кимга кўринмасди, мабодо бировнинг тўйига бориб қолса, ўша тўй соҳиби уч-тўрт кун гердайиб юрарди. Чунки муҳаррир дегани адолатнинг тимсоли эди. У ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ деб ёзгани боис одамлар орасида ўзи ҳам, газетаси ҳам обрўли ҳисобланарди.

Қодирийни, Айтматовни, Қаҳҳорни, Ойбекни, Ғафур Ғуломни, Абдулла Орипову Эркин Воҳидовни китоблардан, газеталардан таниб, ўқиб, уқиб улғайган авлоддан исталган одамни тўхтатиб, диктант ёздиринг, битта ҳам хато қилмайди. Тўйда сўз беринг, шеърсиз гапирмайди. Маъракада дуо қилдиринг, эсингиздан чиқмайдиган қилиб фотиҳа ўқийди. Чунки савод зўр, фаросат жойида. Бу нимадан? Газета ўқиганликдан, китоб мутолаасидан!

Бугун эса, тан олайлик, ёшларимиз чаласавод, оғзига нима келса валдирайдиганларга эргашяпти. Ижтимоий тармоқларда танилиш, мақтов эшитиш учун ҳеч нарсадан тоймаяпти айримлар. Уларга эргашаётган болаларнинг ўзини тутишини кўринг, гапига қулоқ солинг, ҳар икки жумланинг биттаси “онангни...” билан тугайди. Қайси куни ишга келаётиб, мошинада “Ўзбекистон” радиоканали орқали берилган бир суҳбатни эшитиб қолдим. Унда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг бир ўқитувчиси тил ҳақида гапирар экан, бир пайтлар Афғонистонда талабаларга дарс берганини эслади. У афғон талабаларининг ўзаро гап-сўзларини тинглаб, гувоҳ бўлиб улар мутлақо сўкинмаслигини ҳайрат билан гапириб берди. Домла бунинг сабабини сўраганида, афғон ёшлари сўкиниш гуноҳ эканлигини айтишган экан. Бизда аҳвол қанақалигини яхши биласиз. Малимдан калтак еб одам бўлган ота-онанинг боласи бугун ўқитувчиси сал овозини кўтариб гапирса, интернетга тарқатворяпти. Илгари бир қишлоқда енгилоёқ аёл пайдо бўлиши ўша қишлоқ аҳли учун иснод эди. Бугун эса ОАВ деганда кўплар палончининг эри хотинини писмадончи билан ушлаб олибди, сўйиб ташлабди, боласини сотибди, ўзини осибди, ўқувчи қиз туғибди, деган хабар тарқатадиганларни тушунади. Бундай “ахборотчи”ларнинг касрига одамнинг қулоғи шу нарсаларга ўрганяпти. Ор, ғурур, ҳамият йўқоляпти. Бора-бора хиёнат, бузуқлик, невараси тенгига суйкалиш, қайнотанинг келинга тегажоғлик қилиши одатга айланиб қолмасинда, ишқилиб...

Уқувсиз, саводсиз ҳам, ишдан ҳайдалгану қайнонаси билан келишмайдиган ҳам блогер. Уларга қўйиб берса, эр-хотиннинг тўшагига ҳам кириб репортаж қилади. Мақсад битта: нима бўлсаям, тезроқ танилса, ижтимоий тармоқдаги каналини реклама қилса, пул топса. Шу ўринда бир гап, нега аллакимларнинг тажовузи, қабиҳ ҳаракатлари билан минг, икки минг нусхада чоп этилаётган, зўрға кун кўраётган нашрлар солиқнинг ҳамма турини тўлайдию, кунига миллион-миллион даромад топадиган телеграм каналлари давлатга бир сўм бермайди? Қани бу ерда мантиқ? Ахир, улар ҳам шу халқнинг пулидан фойда кўряпти-ку...

Асл ОАВ ҳеч қачон пул илинжида бўлмаган. Одоб сўзи адабиётнинг ўзаги бўлганидек, чин матбуот ҳамиша адолатга, маърифатга хизмат қилган. Мен шу пайтгача газетада ёки теле-радиода ишлаб, шу ердаги ойлиги орқали бойиб кетган ижодкорни кўрмадим. Кўрганим одми, хокисор, камтаринлар бўлди.

Газета кимга керак, ҳозир интернет замони бўлса, газета нимани қойиллатаяпти, дейдиганлар кўп. Нашрлар – сайт эмас. Улардек тезкор ишлаш, бирор хабарни шу ондаёқ тарқатиш қийин. Аммо газеталарнинг сайтлардан устун ва афзал фарқларидан бири шундаки, чоп этилган бирор танқидий мақола учун бош муҳаррир кимлардандир гап эшитиши, ишдан кетиши мумкин, лекин мақолани олиб ташлашнинг иложи йўқ. У қолади, юз йил, минг йилдан кейин ҳам туради. Сайтларда эса кўряпмиз, баъзи танқидий материалларнинг умри бир кунга ҳам бормаяпти. Сайт раҳбари “тепа”дан танбеҳ эшитса, ўша заҳоти ўчиради мақолани. Ваҳима билан тарқатилган мақолани излаш учун сайтга кирсангиз, 404 туради тиржайиб. Шу журналистиками, қани бу ерда ижтимоий позиция? Журналистикани танқид ушлаб туради, айтган, ёзган гапига жавоб бермаса, унинг учун курашмаса, бундай касб нимага керак ўзи?

Босма нашрларнинг “кетмони учмай” қолишига кўп ҳолатлар сабабчи.

Ўтган йилнинг бошида “Ҳуррият” газетаси уч-тўрт ой чиқмай қолганида, устозлар, ҳамкасблар ўз муносабатларини билдиришди. Айниқса, ёзувчи ва муҳаррир Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ёзганлари аччиқ ва очиқлиги билан ёдимда қолган. Устоз ўз мақоласида газеталарнинг чиқмай қолиши ёки обунаси кескин тушиб кетишининг сабабларидан бири сифатида халқдан узоқлашиш деб айтган эди. Бу жудаям тўғри гап. Яшириб нима қилдик, ўзимиз ишонмайдиган гапларни ёздик, бировларнинг номидан дил сўзлари тўқидик, Президент раҳнамолигида, бошчилигида деб бошланмайдиган мақолалар ўтмай қолди, натижада шу даражада маддоҳлик авж олдики, ўзимиз ишлайдиган газетани ўзимиз ўқишга бетимиз чидамасди. Биз худди пойафзал ишлаб чиқарадиган ишчилардек ҳафталик, ойлик, режалар қилардик. Ҳозир ўйласам, кулгим қистайди: илҳом ва бирор туртки билан ёзилиши керак бўлган мақола олдиндан буюртма қилинса-я... Марказий нашрлардаги бу ҳолат вилоят, туман ва бошқа нашрларга ҳам юқди. Шундай бўлгач, бундай газеталарни ким ўқийди? Расмий матбуотдан зада бўлган одамлар кўплар сариқ матбуот деб атайдиган, аслида эса газетхонни кўп йиллар ушлаб турган нашрлар – “Даракчи”, “Сўғдиёна”, “Бекажон”га ўзини урди. Иши фақат мақтов бўлган газетадан кўра бирор артистнинг ёки ўйинчининг ҳаёти билан танишиш ўқувчига маъқул бўлди. Кўрсатма шундай эди, деб ўзини оқлашга уринганларга ишонмайман. Зеро, Аббосхон Усмонов, Аҳмаджон Мелибоев, Жаббор Раззоқ, Хуршид Дўстмуҳаммад, Қулмон Очил, Карим Баҳриев каби муҳаррирлар ҳар қандай ҳолатда ҳам газетани одам ўқийдиган қилиб чиқаришганига ҳамма гувоҳ.

Яхшики, бошқарув ўзгарди. Кейинги тўрт йилда чоп этилаётган нашрларда танқид, таҳлил авж олди. Маънавий-маърифий мақолалар сони кўпайди. Бироқ обуна масаласи осилиб қолди. Ура-урачиликка йўғрилган аввалги нашрлар қиёфаси ҳозир ҳам ўзгармаган, деган кайфият халқимизни обуна бўлишдек маърифий ишдан узоқлаштириб ташлади. Аввал “Мажбурий обуна” деган машина шунчалар ғалати ишлардики, натижада ош егиси келган одамнинг олдига лағмон, тухум емоқчи бўлган мардумнинг дастурхонига атала қўйиларди. Одамлар ўзи истамаган, корхона ва ташкилотлар ўзлари учун мутлақо кераги бўлмаган газета ва журналларга обуна бўлишарди. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам бор, афсуски. Мавриди келганда айтай, газетамизнинг беш олти ойлик тахламини олиб бир катта ташкилот раҳбарига бердим. Ўқинг, маъқул бўлса келаси йилга обуна бўласиз, дедим. У одам бирор ҳафта ўтгач телефон қилди, газетангиз менга жуда маъқул, аммо “Солиқ” сўзи билан бошланувчи қайсидир нашрни обуна қилиш мажбуриятини олганини, қилмаса бўлмаслигини, ўшандан маблағ орттирса, бизнинг газетага ҳам обуна бўлишини уқтирди.

Бугун амаллаб, янаям очиқ айтсак, азбаройи шарманда бўлмаслик учун чиқиб турган кўпгина нашрларнинг “жаноза”сини айримлар интиқлик билан кутаётганида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 30 сентябрида Ўқитувчи ва зиёлиларга йўллаган мурожаатида газеталарнинг аҳамияти ва ўрни беқиёс эканлигини таъкидладиларки, биз бундан беҳад қувондик. Нафақат соҳа ходимлари, сўзнинг қадрини, саводнинг улуғлигини, маърифатнинг чароғбон эканлигини ҳис этган юртдошимиз борки, давлат раҳбарининг бу эътирофини чин юракдан олқишлади.

Босма нашрлар ва у ерда ишлаётган фидойи, камтарин ҳамкасбларга қанот берган сўзлардан кейин умид қиламизки, таҳририятлар албатта қўллаб-қувватланади, давр талабига мос тарзда соҳада такомиллашув рўй беради.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

“Жамият” газетаси бош муҳаррири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугуннинг гапи: матбуот яшайди